Россия Марказий Осиёга “Катта ўйин” геосиёсий қарама-қаршилик руҳида қарамайди - Лавров

© Sputnik / МИД РФМинистр иностранных дел РФ Сергей Лавров
Министр иностранных дел РФ Сергей Лавров  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.05.2022
Oбуна бўлиш
Россия ташқи ишлар вазирига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалар “геосиёсий вазиятнинг тебранишларидан” қатъи назар, жадал ривожланмоқда.
ТОШКЕНТ, 5 май - Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Россия - Марказий Осиё: 30 йил дўстлик ва ҳамкорлик йўлида” номли мақола ёзди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Сергей Лавровнинг таъкидлашича, бу йил Россия ва Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Юбилей муносабати билан кенг қамровли тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. Маданият кунлари, кўргазмалар, театрларга саёҳатлар, консертлар, филмлар намойиши, давра суҳбатлари ва илмий-амалий анжуманлар шулар жумласидандир.
”Ўтган йилларда биз жуда катта йўлни босиб ўтдик. Биргаликда ишлашда доимо халқларимизни бирлаштирган тарихий дўстлик ришталарига, ўзаро ёрдам, ишонч ва ҳурматнинг бой анъаналарига таяниб келганмиз. Халқаро ҳамжамиятнинг ҳар қандай масъулиятли аъзоси сингари, Россия ҳам барча, лекин биринчи навбатда қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва конструктив ҳамкорликни сақлаб, хайрихоҳ ташқи муҳитдан манфаатдор. Шу муносабат билан биз Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан стратегик шериклик, кўпчилик билан эса иттифоқчилик муносабатлари орқали боғланганимиздан қувонмай иложимиз йўқ”, дейди Лавров.
Вазирга кўра, йирик қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириляпти. Хусусан, Россия ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги Марказий Осиёда биринчи атом электр стансиясини қуриш бўйича келишувларни амалга ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Россия-Тожикистон иқтисодий ҳамкорлигининг флагмани Сангтудин ГЭС-1 республикада ишлаб чиқариладиган умумий электр энергиясининг қарийб 12,5 фоизини таъминлаяпти.
2021 йилда “КАМАЗ” компаниясининг Туркманистонга 2000 га яқин автомобиль техникасини етказиб бериш бўйича шартномаси якунланган. Ўтган йилнинг январь ойида Россия ва Қирғизистон президентлари Талас олтин конини ишга туширган. Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида қўшма минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Россия ТИВ раҳбарининг қайд этишича, Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалар “геосиёсий вазиятнинг тебранишларидан” қатъи назар, жадал ривожланмоқда.
Яхши қўшничилик муҳитини сақлашда минтақавий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган ҳудудлараро ҳамкорлик форумлари унинг янада юксалишига катта ҳисса қўшмоқда. Аввалига бу амалиёт Қозоғистонда, кейин эса Ўзбекистонда жорий этилди.
Евроосиё давлатлари орасида ҳам интеграция жадал ривожланмоқда —ҳозирда ЕОИИ аъзолари Қозоғистон ва Қирғизистондир. 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Иттифоқ ишида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Уюшма фаолиятига Тожикистон ва Туркманистон қизиқиш билдиряпти.
Лавровнинг таъкидлашича, Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари бой ва ранг-баранг маданий-гуманитар ҳамкорлик билан ажралиб туради. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда Россия фан ва маданият марказлари фаолият кўрсатмоқда.
2019 йилнинг май ойида МДҲ мамлакатларидан биринчи бўлиб Ўзбекситонда МГИМО (Москва давлат халқаро муносабатлар институти) филиали очилди. Ҳар йили Марказий Осиё давлатларининг 160 мингга яқин фуқароси Россияда таҳсил олади, шундан 60 минг нафари федерал бюджетдан молиялаштирилади.
Россия миграцияни тартибга солиш, ихтисослаштирилган қонунчилик базасини такомиллаштириш соҳасида ҳам яқин ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон билан фуқароларни Россияда ишлаш учун жалб этиш бўйича келишувлар имзоланган. Қирғизистон билан шундай ҳужжат тайёрланмоқда.
“2017 йилда Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини ташкилий равишда жалб қилиш бўйича ҳукуматлараро битим имзоланган эди”, дея эслатди вазир.
Вазир бугунги кунда минтақада МДҲ, КХШТ ва ШҲТнинг аксилтеррор ҳамда гиёҳвандликка қарши тузилмалари орқали ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.
Бошқа нарсалар қаторида ТИВ раҳбари Россия Марказий Осиёни геосиёсий тўқнашув жойи деб ҳисобламаслигини айтди. Аксинча, Россия фақат минтақавий интеграцияни олқишлайди.

“Айрим Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, Россия Марказий Осиё минтақасига “Катта ўйин”нинг мустамлакачилик концепцияси руҳида, геосиёсий қарама-қаршилик майдони сифатида қарамайди. Шу муносабат билан биз минтақалараро интеграция кучайиб бораётганини, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашув учрашувларини фақат олқишлаймиз”, - дея қайд этди Лавров.

Россия ТИВ раҳбари мақоласини қўйидаги сўзлар билан якунлади:

“Баркамол, тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли муносабатларимиз XXI асрда давлатлараро ҳамкорлик қандай йўлга қўйилиши лозимлигига ёрқин мисолдир… Алоқаларимизни янги чегараларга олиб чиқиш учун барча зарур шарт-шароит мавжуд. Асосийси, халқларимизни бирлаштирган дўстлик ва ишонч ришталаридир”.
Янгиликлар лентаси
0