“Мисли кўрилмаган тажовуз”. Вашингтон ва Брюссель Европада нимани ўйлаб қўйган?

© AP Photo / Roman KoksarovВойска НАТО на военной базе Адажи в Кадаге, Латвия
Войска НАТО на военной базе Адажи в Кадаге, Латвия - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.04.2022
Oбуна бўлиш
Шимолий Альянсда Финляндия ва Швецияни анчадан буён кутишмоқда. Скандинавия яримороли ва Болтиқ денгизининг деярли барча қирғоқ чизиқлари Брюссель назоратига ўтади. Россиянинг энг муҳим порт-шаҳри Мурмансккача 100 км қолади холос.
Финляндия ва Швеция Россиянинг махсус операцияси фонида НАТОга аъзо бўлишни қизғин муҳокама қилмоқда. Бир вақтнинг ўзида Брюссель Шарқий Европа қанотини мустаҳкамлаяпти, янги жанговар гуруҳларни кенгайтиряпти ва Москвага қарши чақириқларини кучайтирмоқда. Шимолий Антантика альянсининг сўнгги вақтлардаги фаолияти ҳақида – батафсил.

Скандинавия НАТОда

Финляндия ва Швеция кўп ўн йиллар давомида нейтрал бўлиб келган ва принципиал жиҳатдан блокдан ташқари мақомга амал қилган. Россиянинг Украинада махсус операцияси бошланганидан сўнг, Скандинавиядаги ушбу давлатларнинг ҳукуматпараст ва мухолифатдаги сиёсий партиялари НАТОга қўшилиш ҳақида гапира бошлади.
Финляндия бош вазири Санна Мариннинг фикрича, Москва ва Хельсинки ўртасидаги муносабатлар энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди. Унинг фикрича, “Европа хавфсизлик тизимидаги туб ўзгаришлар” шароитида Шимолий Атлантика алянсига қўшилиш зарур.
Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ҳам худди шундай позицияда. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, у аллақачон қарор қабул қилган. Ҳар икки давлат ҳам 29-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида ариза топшириши кутилмоқда.
Альянсда эса Финляндия ва Швецияни анчадан буён кутишмоқда. Бош котиб Йенс Столтенберг уларни иложи борича тезроқ қабул қилишга ваъда берди. Бу шижоат тамомила тушунарли: Скандинавия яримороли ва Болтиқ денгизининг деярли барча қирғоқ чизиқлари Брюссель назоратига ўтади. Россиянинг энг муҳим порт-шаҳри Мурманск эса блок чегараларидан юз километр нарида қолади холос. НАТОнинг фикрича, бу Москвага босим қилишни кучайтиради.
Кремль тезда муносиб жавоб қилди. Хавфсизлик кенгаши раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Медведевнинг таъкидлашича, НАТОнинг ер устидаги чегаралари майдони икки баробар катталашмоқда. Қуруқликдаги кучлар ва ҳаво мудофаасини гуруҳларини кучайтириш, шунингдек, Финляндия кўрфазида қўшимча денгиз кучларини жойлаштиришга тўғри келади. “Болтиқбўйининг ядровий бўлмаган мақоми ҳақида энди гап бўлиши мумкин эмас: мувозанатни тиклаш керак”, - дея алоҳида таъкидлади у.
“Гап Калининград вилоятида ядровий қуролни жойлаштириш ҳақида кетмаяпти- бу эҳтимолий душман чегараларига жуда яқин, - деб аниқлиқ киритди ҳарбий эксперт Алексей Леонков. – Бу Швеция, Финляндия, шунингдек Болтиқбўйи давлатларининг ядровий тўхтатувчи кучларимиз учун қонуний нишонга айланишини англатади.
Аввалроқ, биз ракета билан нишонга олишимиз мумкин бўлган яқин давлатлар Польша ва Норвегия эди. Бироқ, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши бизга Украинанинг аъзо бўлиши каби хатарли эмас. Барибир Скандинавия мамлакатлари ҳукуматида анча адекват одамлар турибди. Улар билан ҳудудий баҳслар йўқ. Шундай экан, глобал миқёсда кучлар мувозанати ўзгариши даргумон”.

Шарқий қанот

Бошқа йўналишлардан ҳам Россияга босим ўтказишда давом этишмоқда. Куни кеча Йенс Столтенберг альянс “Россия агрессияси”га қарши туриш учун шарқий қанотда доимий ҳарбий кучларни кенг кўламда жойлаштириш режаларини ишлаб чиқаётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика блоки Москва ҳаракатларининг “узоқ муддатли оқибатларини” зарарсизлантирадиган “туб трансформация жараёнида”. Шарқий Европада НАТОнинг бевосита қўмондонлиги остида ўн минглаб аскар бор.
Аввалроқ альянс давлатлари раҳбарлари “Россиянинг халқаро хавфсизлик ва барқарорлик асосларини йўқ қилишга уринишлари”, шунингдек, Кремлга “мувофиқлаштирилган халқаро босим” ўтказишда бирдам эканликларини тасдиқлаган эди.
“Россиянинг фаоллигига жавобан биз НАТОнинг мудофаа режасини ишлаб чиқдик, жавоб бериш кучлари бўлинмаларини жойлаштирдик ва шарқий қанотимизга 40 минг аскардан иборат контингентни, шунингдек, ҳаво ва денгиз кучларининг бевосита қўмондонлиги остидаги асосий воситаларни жойлаштирдик, - дейилади қўшма баёнотда. “Шунингдек, Болгария, Венгрия, Руминия ва Словакияда тўртта қўшимча кўпмиллатли жанговар гуруҳлар тузмоқдамиз”.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш гуруҳлар 2016 йилда Латвия, Литва, Эстония ва Польшада тузилган эди. Ҳар бирида - мингга яқин штиклар. Шундай қилиб, НАТО Россия чегаралари яқинидаги қўшинлари сонини камида ўн баробарга оширди.

Кўпроқ пул ва аскар

Бундан ташқари, НАТО мамлакатлари қуролланишга кўпроқ пул сарфламоқда. Масалан, Пентагон 778 миллиард доллар- режалаштирилганидан 9,8% кўп пул сарфлайди.
Берлин ҳарбий бюджетини энг камида 100 миллиард еврога оширади: мудофаа харажатлари ЯИМнинг икки фоизидан ошади. Пул Ҳарбий ҳаво кучларини қайта жиҳозлашга (хусусан, эскирган Tornado ўрнига Америка F-35 қирувчи самолётларини сотиб олишга) ҳам йўналтирилади.
Польша Қуролли кучларидаги ҳарбийлар сонини 300 мингга кўпайтиради. Бу ҳозиргидан икки баробар кўп дегани. Бундан ташқари, вице-премьер Ярослав Качиньский АҚШ ядро қуролини жойлаштиришга тайёр эканлигини билдирди. Россия Федерация Кенгаши вице-спикери Константин Косачев бу ташаббусни “ўта кетган сурбетлик” деб атади. Ахир, НАТО мунтазам равишда Россияни стратегик тўхтатувчи кучларни Беларусга ўтказишдан огоҳлантириб туради.
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлардан буён альянснинг кўпгина мамлакатлари ўз арсеналарини янгилаб олишга қарор қилди. Словакия, Чехия, Руминия, Польша ва бошқа иттифоқдошлар Вашингтон чақириғига лаббай деб жавоб берди ва Киевга эски совет техникасини юборди.
Фидокорликни тақдирлаш сифатида Пентагон уларга анчайин замонавий қуроллар беришни ваъда қилди. Экспертларнинг фикрларига кўра, бу Америка мудофаа компанияларига мисли кўрилмаган даромад келтиради: Оқ уй ҳар доимгидек вазиятдан пул ишлаб олиш имкониятларини қўлдан бой бермаяпти.
Янгиликлар лентаси
0