Сурхондарёда соғломлаштириш акцияси бошланди

Oбуна бўлиш
Сайёр тиббий қабулга соғлигида муаммоси бор беморлар дастлаб тиббий рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилмоқда.
ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Соҳил” болалар оромгоҳида тиббий сайёр қабуллар бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари ҳамда маҳаллий мутахассислар, жами 200 нафардан иборат махсус гуруҳ аҳолини қабул қилмоқда.
Вилоятда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси тиббиёт соҳасидаги муаммо ва камчиликларни самарали бартараф этиш мақсадида ташкил этилган.
Акция Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бўлгани каби Сурхондарёда ҳам икки босқичда ўтказиляпти. Биринчи босқичда пойтахтдан келган мутахассислар гуруҳлар кесимида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманига тақсимланиб, жойларда “хонадонбай” тамойили асосида аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган тиббиётга доир муаммоларни ўрганмоқда.
Қайси ҳудудда қандай касалликлар кўп тарқалган бўлса, шунга кўра, жойларга айнан шу йўналишдаги ихтисослаштирилган марказлар шифокорлари бириктириляпти.
Иккинчи босқичда вазирликнинг махсус гуруҳи томонидан ҳудудлардаги ўрганиш натижалари якунларига кўра Термиз шаҳри ва вилоятнинг қатор туманларида сайёр тиббий қабуллар ўтказиш режалаштирилган.
Сайёр тиббий қабулга соғлиғида муаммоси бор беморлар дастлаб тиббий рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилмоқда. Шунингдек, бемор тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олиняпти. Юқори технологик амалиётлар талаб этиладиганларга эса шу ернинг ўзида ордер расмийлаштирилмоқда.
Сайёр қабул давомида тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларни даволаш жараёнига йўналтириш билан бирга, туман тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, дори-дармонга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, фаолиятига доир муаммоларни ҳал этиш, соҳани тажрибали ва креатив фикрловчи ёш мутахассислар билан таъминлаш масалалари ҳам комплекс таҳлил қилиниб, амалий ечимлар белгиланяпти.
Шунингдек, янги оилавий поликлиникалар ва шифокор пунктларини ташкил этиш, бирламчи тиббиёт муассасаларида кундузги стационар иш вақтини соат 20-00га қадар узайтириш, олис ва чекка ҳудудларда контейнер шаклидаги тиббий пунктлар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам хизматини мақбуллаштириш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундан ташқари, шу кунларда оғир касалликка чалинган, юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтож сурхондарёлик беморларда давлат ҳисобидан операциялар бошлаб юборилган.
© Фото: Ўзбекистон ССВ
Сурхондарёда тиббий сайёр қабуллари - Sputnik Ўзбекистон
1/4
© Фото: Ўзбекистон ССВ
Сурхондарёда тиббий сайёр қабуллари - Sputnik Ўзбекистон
2/4
© Фото: Ўзбекистон ССВ
Сурхондарёда тиббий сайёр қабуллари - Sputnik Ўзбекистон
3/4
© Фото: Ўзбекистон ССВ
Сурхондарёда тиббий сайёр қабуллари - Sputnik Ўзбекистон
4/4
Янгиликлар лентаси
0