Зарафшон ва Чирчиқ дарёларидаги қум-шағал карьерлари тўхтатилди
© Из личного архива Андрея ЗахватоваРазработка новых месторождений золота, архивное фото
© Из личного архива Андрея Захватова
Oбуна бўлиш
Ер ости сув олиш иншоотлари яқинида ва санитар зоналарида жойлашган қум шағал карерлари фаолияти тўхтатилади.
ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Зарафшон ва Чирчиқ дарёларининг ичимлик суви таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган участкаларда норуда материалларини қазиб олувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати хабар бермоқда.
“Иншоотлар яқинида қум шағал карерлари мавжудлиги сувларининг пасайишига таъсир этади. Ўрганиш ишлари давомида ушбу иншоотларнинг кузатув қудуқларида ер ости сув сатҳи пасайганлиги аниқланди. Сувларнинг пасайиши аҳолининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатаётган қўлбола қудуқлардаги сув сатҳига таъсир этмоқда”, - дейилади хабарда.
Хусусан, Тошкент вилоятидан оқиб ўтган Чирчиқ дарёси Чирчиқ ер ости чучук сувлар конини доимий тўйинтириб туради. Ушбу конда 5 та ер ости гуруҳли ичимлик суви олиш иншоотларидан 3 таси дарё ўзанида жойлашган.
Зарафшон дарёсининг мамлакатга кириб келиш нуқтаси –“Раватхўжа” тўғонидан Каттақўрғон шаҳригача бўлган оралиғида “Зарафшон дарёсининг ҳозирги ҳавзаси” ер ости сув кони жойлашган. Ушбу конга жами 16 та гуруҳли ер ости сув олиш иншоотлари боғланган бўлиб, шундан 4 таси Зарафшон дарёси ўзанига жуда яқин жойлашган.
Гидрогеологик ўрганиш натижасида қуйидагича хулоса қилинган:
Қазиш ишлари давомида катта майдонларда ерости сувли қатламларини очиш, теварак-атрофда, яъни 100-500 м радиусдаги ер ости грунт сувлари сатҳининг 1-2 метрга пасайишига олиб келади. Қазиш ишларида технологик регламент талабларига қатъий риоя қилиш лозим.
Зарафшон дарёси бўйидаги "Дагбит сув олиш иншооти" 3-участкасининг 1-санитар-муҳофаза минтақасида жойлашган ҳудудда қазиш ишларини тўхтатиш ва рекултивация қилиш лозим.
Ерости сув олиш иншоотларининг 2-санитар-муҳофаза минтақасида жойлашган карьерлардаги қазиб олиш ишлари ерости сувларининг (микробли) ифлосланишига олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, ушбу ҳудудларда қазиш ишларини чеклаш тавсия этилган.
Маълумот учун, сув танқислиги, ўз навбатида, ичимлик суви танқислигига олиб келади. Сўнгги 15 йил ичида аҳоли жон бошига йиллик сув ҳажми 3048 м3 дан 1589 м3 гача камайган. Жаҳон банкининг таҳлилий кўрсаткичларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги беш баробарга ошади.