Ўзбекистон икки давлатдан беда уруғини олиб киришни вақтинча тақиқлади

© Sputnik / Павел ЛьвовКлевер, архивное фото
Клевер, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.04.2022
Oбуна бўлиш
Зарпечак билан кучли зарарланган беда уруғлари ҳар икки давлатга қайтарилган ва уларга эътирозномалар жўнатилган.
ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистон Афғонистон ва Тожикистондан беда уруғини олиб киришни вақтинча тақиқлади. Бу давлатлардан олиб келинган уруғ таркибида зарпечак бегона ўти аниқланган. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабар бермоқда.
Самарқанд вилоятидаги “Самарқанд” ТИФ маскани орқали Афғонистондан импорт бўлиб кириб келган 24 тонна беда уруғини ЎКЧМ (Ўсимликлар карантини чегара масканлари) инспекторлари карантин кўригидан ўтказишган. Уруғдан намуналари экспертиза учун Марказий фитосанитария лабораториясига юборилган.
"Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Марказий фитосанитария лабораториясининг хулосасига кўра, беда уруғи карантин объекти ҳисобланган зарпечак билан кучли зарарланганлиги аниқланди”, - дейилади хабарда.
Шундан сўнг, 24 тонна беда уруғи Афғонистонга қайтариб юборилган.
Шунга ўхшаш вазият Фарғона вилоятининг “Қўқон” ТИФ масканида кузатилган. Қўшни Тожикистондан кириб келган 77,95 тонна беда уруғи зарпечак бегона ўти билан зарарланганлиги аниқланган.
Юқоридаги иккита ҳолат юзасидан ҳар икки давлатга эътирозномалар жўнатилган ва ўсимликнинг тарқалиш хавфини олдини олиш мақсадида Афғонистон ва Тожикистондан беда уруғини республика ҳудудига олиб киришга вақтинчалик тақиқ ўрнатилган.
Энди хорижий давлатлардан Ўзбекистонга олиб кирилиши режалаштирилаётган беда уруғи маҳсулотларига нисбатан қатъий назорат ишларини ташкил этилади.
Маълумот учун, беда ер унумдорлигини ошириш ва озуқа базасини яратишда асосий экин ҳисобланади. Уч йил давомида бир гектар майдонда 600-900 кг соф азот тўплайди. Баҳорги беда экиш учун ер кузда камида 15-20 см чуқурликда юмшатилади.
Зарпечак қишлоқ хўжалик экинларига жуда катта зарар келтиради. Улар барча ўт-ўсимликлар, дарахтлар, бутасимонларни зарарлайди. Беда, зиғир, махсар, лавлаги, сабзи, пиёз каби озиқ-овқат ва чорвабоп экинлар ривожига тўсқинлик қилади.
Зарпечак билан зарарланган ўсимликлар касаллик ва заруркунандаларга чидамсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари зарпечакнинг айрим турлари ўсимликларда вирусли касалликларни ҳам тарқатади.
Янгиликлар лентаси
0