Эрондаги масжидда Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари аниқланди – фото
11:45 14.04.2022 (янгиланди: 12:29 14.04.2022)
Oбуна бўлиш
Ҳозирда улуғ алломалар битикларини илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда.
ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Эроннинг Машҳад вилояти Тойинобод шаҳридаги масжид деворида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари аниқланди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар бермоқда.
Март ойида Маданий мерос агентлиги вакиллари Эронга сафар қилишган. Ташриф Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси кўмагида амалга оширилган.
Сафар давомида Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев ва Тошкент вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Мансур Исроилов масжид деворларини кўздан кечириш жараёнида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битикларини кашф этишган.
Таъкидланишича, Эроннинг шимоли-ғарбида Темурийлар даврининг кўплаб маданий мерос обидалари бор. Амир Темур Эронга ташрифи давомида Машҳад вилояти Тойинобод шаҳрида шайх Абу Бакр Зайн-ул Обиддин Тоййибиний билан учрашган ва у билан дўстлашиб қолган. Узоқ йиллар давомида у билан ёзишиб турган. Ушбу дўстлик ҳурмати Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Тойинобод шаҳрида ажойиб масжид қурдиради.
“Масжид бугунги кунга қадар сақланиб қолган ва кўплаб алломаларимизнинг дўстона муносабатларини ўзида муҳрлаган. Шуниси диққатга сазоворки, кўп ҳукмдорлар ва таниқли арбоблар бу масжидга келиб, намоз ўқишни ўзлари учун шараф деб билишган. Масжиднинг деворида юқори мартабали меҳмонлар учун ҳурмат девори бўлиб, уларда меҳмонлар ўз тилаклари ёки битикларини ёзиб қолдиришган. Уларни кўздан кечираётиб, ажойиб янгилик – Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битикларини кашф этдик”, - деди Қўзиев.
Маълум қилинишича, ҳозирда улуғ алломалар битикларини илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, президентнинг тегишли қарори билан маданий мерос объектларини реставрация қилишда Эрон ва Туркия давлатларидан малакали мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилиш ва улар иштирокида асрашга доир ишларни ташкил этиш белгиланган.