Фармацевтика тармоғи қандай ривожлантирилади

© Sputnik / Денис Абрамов / Медиабанкка ўтишКапсулы и таблетки
Капсулы и таблетки - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.04.2022
Oбуна бўлиш
Дори воситаларига талабни ўрганиб, уларни маҳаллийлаштирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади ва қатор имтиёзлар берилади. Туманлар доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштирилади.
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда тармоғидаги кўрсаткичлар таҳлил қилиниб, қўшимча вазифалар белгиланди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқаришни 3 бараварга ошириш вазифаси қўйилган. Бу борада январда беш йиллик дастур ҳам қабул қилинди.
Лекин соҳада ишларнинг бугунги ҳолати билан бу марраларга эришиб бўлмайди, деди давлат раҳбари.
Мамлакатда йилига 1 миллиард 600 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан катта қисми – қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда.
Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғонада истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.
“Ҳудудларни дори воситалари билан таъминланганини таҳлил қилдим – бу мутлақо қониқарсиз. Шунинг учун ўзимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини кўпайтириш бўйича кескин чоралар кўришимиз шарт”, - деди президент.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида лойиҳалар билан ишлаш тизимини янгидан қилиш вазифаси қўйилди. Дори воситаларига талабни ўрганиб, уларни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

Инвестицияларни жалб қилиш

Фармацевтика агентлигида лойиҳалар билан ишлаш тизимини мутлақо янгидан ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Агентлик ва вилоят ҳокимлари олдига жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилган. Мисол учун, жорий йилда Тошкент фармацевтика паркида 50 миллион долларлик 2 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Жами ушбу кластерда 3 йилда 280 млн долларлик 6 та корхонани ишга тушириш кўзда тутилган.
Мутасаддиларга йирик хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказиб, камида 10 та брендни жалб қилиш бўйича келишувга эришиш топширилди.
Йиғилишда Инвестициялар лойиҳа маркази томонидан ишлаб чиқилган 18 та йирик истиқболли лойиҳа бўйича инвестицияларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Жумладан:
Андижонда онкология ва гепатитга қарши дорилар бўйича Ҳиндистон билан;
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида юрак-қон томир ва нафас йўллари, юқумли касалликлар бўйича Германия ва Туркия билан;
Наманган, Самарқанд ва Сирдарёда тиббий буюмлар бўйича Хитой ва Корея билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллий фармацевтика корхоналарини қўллаб-қувватлаш

Шу билан бирга, жойларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммолари кўриб чиқилди. Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда кичик саноат зоналарида инфратузилмани яхшилашга ажратилган маблағлар ҳисобидан 50 миллиард сўм йўналтириш топширилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги янги лойиҳаларни молиялаштиришга ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун кредитларга 1 майга қадар 100 млн. доллар, 1 сентябрга қадар яна 100 млн. доллар жалб қилиш чораларини кўради.
Йиғилишда маҳаллий фармацевтика корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар белгиланди:
қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган хом ашёлар рўйхати Инвестициялар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Фармацевтика агентлиги томонидан тасдиқланади. Ҳозирги кунда ушбу рўйхат 5 та вазирлик томонидан тасдиқланади ва 5 йилдан буён янгиланмаган;
маҳаллий корхоналарнинг GMP сертификатини олиш билан боғлиқ харажатлари Фармацевтика агентлиги томонидан қоплаб берилади;
корхоналарни модернизация қилишни молиялаштириш Тўғридан-тўғридан инвестициялар жамғармаси иштирокида амалга оширилади.

Экспортбоп доривор ўсимликларни етиштириш

Экспортбоп доривор ўсимликларни етиштиришни кенгайтириш мақсадида бу соҳага кооперация ва оилавий тадбиркорлик учун назарда тутилган барча имтиёз ва молиялаштириш тартиблари татбиқ этилади.
Молия вазирлигига аҳоли томорқаси учун қудуқ қазишга қўшимча 50 миллиард сўм ажратиш топширилди. Жорий йилда заъфарон плантацияларини камида 5 бараварга кўпайтириш чоралари кўрилади.
Эндиликда доривор ўсимликларни қайта ишлайдиган корхоналар:
2025 йил 1 январга қадар ускуна ва эҳтиёт қисмлар, хомашё импортида божхона божидан озод қилинади;
тайёр маҳсулотлар экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади;
ҳар 10 гектар плантацияларга сув чиқариш учун 600 минг сўмдан субсидия ажратилади;
доривор ўсимликлар плантацияларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Янги лойиҳаларни бошлашга ва айланма маблағларни тўлдириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 100 млрд. сўм ажратилади.
Йиғилишда йил якунига қадар 80 та туманни доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштириб, 7,5 минг гектарда плантациялар ташкил этиш (ҳозирда 600 гектар) вазифаси қўйилди.
Янгиликлар лентаси
0