Хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома бериш йўлга қўйилиши мумкин

© Sputnik / Рамиз БахтияровДевушки в национальных костюмах
Девушки в национальных костюмах - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.04.2022
Oбуна бўлиш
Тавсиянома Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан бир марта берилади ва у 3 йил муддатга амал қилади
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумоти йўқ хотин-қизлар ОТМларга контракт асосида қабул қилиниши мумкин. Бу бўйича Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжат лойиҳасида мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланмоқда.
Ёзилишича, ушбу тавсиянома қўмита томонидан бир марта берилади ва у 3 йил муддатга амал қилади.
Тавсиянома олиш учун талабгорлар доимий яшаш ёки вақтинча рўйҳатда турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига электрон шаклда ҳар йили 1 майдан 1 июнга қадар мурожаат қилади.
Тавсиянома олган абитуриентлар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритилган олий таълим муассасалари кесимида тақсимланган умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовларида иштирок этади. Бунда умумий танлов (шунингдек давлат гранти асосида имтиёзлар) доирасида тўплаган бали бўйича талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар орасида танлов амалга оширилади.
Тегишли тавсияномаси бор хотин-қизлар ҳар йили олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишига кириш учун хужжатларни топшириш муддатларида ўрнатилган тартибда махсус электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказилади.
Айтилишича, мазкур тартиб олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 22 апрелга қадар давом этади.
Янгиликлар лентаси
0