Совуқ ва ёғингарчиликнинг мева-сабзавотларга таъсири қандай бўлди

© SputnikРасцветший абрикос под снегом
Расцветший абрикос под снегом - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.04.2022
Oбуна бўлиш
Қишлоқ хўжалиги: Мевали боғларнинг куртак новдалари қисман зарарланган.
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Жорий йил март ойида Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво оқимининг кириб келиши оқибатида ҳароратнинг кескин пасайиши ҳамда ёғингарчилик кўп кузатилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари ноқулай об-ҳаво шароитининг таъсирига оид дастлабки ўрганиш натижаларини маълум қилишди.
Уларга кўра, совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Мамлакатдаги узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига эса совуқ таъсир этмаганлиги аниқланди.
Вилоятлар кесимида олинган маълумотлар таҳлили қуйидагича:
Фарғона водийсида ўрикнинг эртапишар навлари Андижон вилоятида 19 фоиз, Наманганда 10 фоиз ва Фарғонада 18 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Наманганда 2,4 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари Андижонда 17 фоиз, Наманганда 19 фоиз ва Фарғонада 23 фоиз;
жанубий ҳудудларда, хусусан Қашқадарё вилоятида гилоснинг эртапишар навлари 9 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари 9 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари 15 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари 18 фоиз;
марказий ҳудудларда ўрикнинг эртапишар навлари Бухоро вилоятида 6,7 фоиз, Жиззахда 17 фоиз, Навоийда 19 фоиз, Самарқандда 10 фоиз, Сирдарёда 17 фоиз ва Тошкентда 10 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Навоийда 6,5 фоиз ва Тошкентда 2,4 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари Навоийда 8 фоиз ва Самарқандда 5 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари Сирдарёда 3 фоиз ҳосилли майдонга нисбатан зарарланганлиги аниқланди.
Шимолий ҳудудлар - Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ушбу мевали дарахтлар зарарланмаган.
Илмий манбаларга кўра, дарахтларнинг совуққа чидамлилик даражаси мева тури ва навининг биологик хусусиятига боғлиқ. Шу сабабли, мевали боғларнинг турлари ва навларига қараб, жорий йил апрель-май ойида дарахтларнинг ҳосил тугиш (ғўралаш) фазасида кутилаётган ялпи ҳосилдорлик бўйича апробация ўтказилади ва ҳосил етиштириш ҳажмлари белгилаб олинади.
Таъкидланишича, март ойининг 3 декадасида республикада мавжуд 338 минг гектар (248 минг га фермер хўжаликларида, 90 минг га аҳоли томорқасида) мевали боғларнинг (ўрик, шафтоли, бодом, олча) 77 минг гектари (22 фоиз) гуллаган ҳамда 182 минг гектар узумзорларнинг (130 минг га фермер хўжаликларида, 52 минг га аҳолида) 42 минг гектари (23 фоиз) тупроқдан очилиб, куртаклаган.
Ушбу боғ ва узумзорларни совуқдан асраш мақсадида ҳудудларда ҳаво ҳарорати 2 даража илиқдан паст бўлган жойларда 17 мартдан 23 мартга қадар 74,4 минг гектар мевали боғ ва узумзорларга сув қуйилган, 117,4 минг гектарида хашак, похол, шох-шаббалардан тайёрланган уюмлар тўпланиб тутатилган. Бундан ташқари, 8 404 гектар боғларда гуллаш фазасини кечиктириш учун махсус препаратлар билан ишлов берилган.
Эртаки сабзавот ва картошка майдонларида илиқ ҳароратни ушлаб туриш учун 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси 2,1 минг гектар майдонга сув қуйилган, шох-шабба уюмлари тўпланиб тутатилган. Шунингдек, 20,7 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинлари енгил суғорилган, 5,4 минг гектар майдонга плёнка ёпилган, 16,1 минг гектар дала четларида хашак уюмлари тутатилган.
Янгиликлар лентаси
0