Тожикистонда “Ўзбек кино кунлари” қандай ўтди

© Фото: Ўзбекистон Кинематография агентлиги Ўзбек делегациясининг Тожикистонга сафари якунланди
Ўзбек делегациясининг Тожикистонга сафари якунланди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.04.2022
Oбуна бўлиш
Тожикистонлик томошабинлар учун “101 рейс”, “Бир кунлик тўй”, “Тутқунлик” бадиий фильмлари, “Матонат мактаби” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. 30 март – 2 апрель кунлари Тожикистонда “Ўзбек кино кунлари” ҳамда МДҲ ва Грузия давлатлари киностудиялари раҳбарларининг IV кенгаши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Кинематография агентлигидан Агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчанов, киноижодкорлар Рашид Маликов, Баҳодир Одилов, Лола Элтоева, Умид Искандаров, Нигина Анорбоева, Фурқат Усмонов ва бошқалар иштирок этишди.
“Ўзбек кино кунлари” доирасида тожикистонлик томошабинлар учун Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “101 рейс”, “Бир кунлик тўй”, “Тутқунлик” бадиий фильмлари, “Матонат мактаби” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Кинофильмлар премьераси Тожикистон Республикасининг “Синамо” ва бошқа телеканаллари орқали эфирга узатилди.
Душанбедаги “Кохи Наврўз” маданият саройида ўтказилган “101 рейс” фильми премьерасидан сўнг Ҳисор шаҳрида Рашид Маликов режиссёрлигида суратга олинган “Тутқунлик” бадиий фильмининг премьераси ҳам бўлиб ўтди.
Рашид Маликов тожик киноихлосмандларини кино кунлари билан табриклаб, ўзбек кинематографиясининг энг сўнги фильмлари улар учун туҳфа қилинганини билдирди.
"Ўзбек киноси тарихидан маълумки, халқларимиз ўртасидаги маданий-маънавий ҳаётнинг бир-бирига мутаносиблиги, урф-одатларимизнинг яқинлиги ишланган кинофильмларда акс этган. Ўтган йилдан бу маданий алоқалар ўзаро мустаҳкамланиб, Ўзбекистон ва Тожикистонда кино кунлари ўтказилмоқда. Ҳамкорликда фильмлар суратга олинмоқда. Ўзбек киносининг сиздек мухлислари бор эканлигидан бағоят шодмиз”, - деди у.
Тожикистонда бўлиб ўтган “Ўзбек кино кунлари”нинг ёпилиши илк бор “Точи сомон” биринчи тожик миллий киномукофотини топшириш маросими доирасида ташкил этилди. Унда ўзбек делегацияси ҳам иштирок этди ва ғолибларга ҳайкалчалар ўзбек киноижодкорлари томонидан топширилди.
Ўзбекистон Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов тожик миллий киномукофотини ўзбек делегацияси томонидан топширилганини алоҳида қайд этди.
“Эътибор берган бўлсангиз барча мукофотларни ўзбек ижодкорлари топширди. Бу нафақат бизнинг делегацияга қилинган эҳтиромдир балки, бутун ўзбек санъатини эътироф этишдир. Тожикистонлик ҳамкасбларимиздан миннатдор бўлган ҳолда ўзаро ҳамкорликларимиз икки тараф учун ҳам самарали ва мазмунли бўлишига ишонаман”, - дея фикр билдирди Матчонов.
Делегация сафари давомида Алишер Навой ва Абдураҳмон Жомий ҳақидаги фильм бўйича тақдимот ташкил этилди. Сўнгра, икки томоннинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан фильмнинг концепцияси тасдиқланди.
Томонлар ҳамкорликда яратилиши режалаштирилаётган яна бир “Кўринмас юлдуз” фильми синопсисини ҳам маъқуллаб, ишга туширишни келишиб олишди.
"Тожикфильм" давлат муассасаси бош директори Маҳмасаид Шоҳиён эса ўзбек ижодкорларининг муваффақиятлари улар учун ўрнак бўлишини билдирди.
“Ўзбек киноижодкорларининг муваффақиятлари биз учун ўрнак бўлиб хизмат қилади. Маълумки, кино санъатини ривожлантиришда, муносибларни эътироф этишда Ўзбекистонда “Олтин Ҳумо” миллий киномуокофоти жорий қилинган. Бу йилдан Тожикистонда ҳам “Точи сомон” миллий киномукофотига асос солинди. Илк маротаба ўтказилаётган маросимда ўзбек киноижодкорларининг иштироки бизни янада мамнун қилди”, - деди Шоҳиён.
Унинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг филиали очилгани нафақат ўзбек ёшларини, балки тожикистонлик ёш киноижодкорларини ҳам хурсанд қилган.
“Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу таълим муассасасида бизнинг ёшларимиз ҳам таълим олиш ниятини билдиришмоқда. Келгусида кино таълими соҳасида ҳам Кинематография агентлиги билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйга қўйиш режалаштирилган”, - деди "Тожикфильм" давлат муассасаси бош директори.
Делегация энг муҳим тадбир – Душанбеда ташкил этилган МДҲ давлатлари ва Грузия киностудиялари директорларининг кинематография соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кенгашида ҳам иштирок этди. Кенгаш ишида 14 га яқин МДҲ давлатлари ва Грузиянинг етакчи киностудиялари, иштироки таъминланди. Кенгаш аъзоларининг қарори билан “МДҲ ва Грузия давлатлари киностудиялари халқаро ижодий уюшмаси” ишчи номи остида халқаро альянс тузилди.
Ташкил этилган ишчи гуруҳга ассоциациянинг низоми ва тузилмасини шакллантириш каби вазифалар юклатилди. Уюшма раиси этиб эса бир овоздан, кинематография соҳасида катта ютуқларга эришган Ўзбекистон Кинематография Агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сайланди.
Янгиликлар лентаси
0