Ноқонуний кесилган дарахт расми учун пул тўланади
© Pixabay / Herbert2512Вырубка дерева
© Pixabay / Herbert2512
Oбуна бўлиш
Бугундан бошлаб дарахтларни ноқонуний тарзда кесиш ҳолатлари тасвирланган фото ва видеоларни биринчи бўлиб юборган шахсларга 270 минг сўм миқдорида пул мукофоти тўлаб берилади.
ТОШКЕНТ, 1 апрель — Sputnik. Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини суратга олиб юборганларга пул тўланади. Бу ҳақида Тошкент шаҳар экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар бермоқда.
“Президентнинг 31 декабрдаги фармонига кўра, аҳоли томонидан юборилган дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги сурат ва видеолар — махсус автоматлаштирилган техника воситалари орқали қайд этилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади”, дейилади хабарда.
Ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг, келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди:
пул фақатгина биринчи хабар берган шахсга тўлаб берилади;
фотосурат, видеоёзув ва хабарларни тақдим этган шахсларнинг кимлиги ошкор этилмайди;
рағбатлантириш маблағлари ундириладиган жарималарнинг тегишли органлар ҳисобида қолдириладиган қисмидан қоплаб берилади;
ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар "102" тезкор қисқа рақами ёки "Эконазорат" ахборот тизими орқали қабул қилинади.
Шу ўринда яна бир маълумот, Давлат экология қўмитасига ИИВ ва Бош прокуратура билан биргаликда икки ойда давлат экологик назоратининг замонавий механизмларини жорий этиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.
Унга кўра, 1 сентябрга қадар "Яшил макон" платформаси ишга туширилади. Ушбу платформа ҳудудларнинг тупроқ-иқлим хусусиятлари, дарахтлар сони, тури ва жойлашуви, аҳолининг шахсий ташаббуси асосида дарахтлар экилиши мумкин бўлган манзиллар, дарахтларни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар, аниқланган ҳуқуқбузарликлар каби маълумотларни ўз ичига олади.
Хабарда айтилишича, жарималар беш бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса икки бараварга оширилди. Дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 1 мартдан "Яшил йиллик" умуммиллий тадбири бошланган эди. Баҳор мавсумида лойиҳа доирасида 125 млн дона дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Президент аҳолига 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини бепул тарқатиш вазифасини берган.