Асосий ставка нега оширилди

© Sputnik / Евгений Одиноков / Медиабанкка ўтишМонитор с данными котировок на Московской бирже
Монитор с данными котировок на Московской бирже - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.03.2022
Oбуна бўлиш
Марказий банк: мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида асосий ставка 17 фоизга оширилди.
ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Марказий банк бошқаруви 17 мартда ўтказилган йиғилишда асосий ставкани йиллик 17 фоизгача ошириш тўғрисида қарор қабул қилди.
“Ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар фонида девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётимизга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизга оширилди”, - дейилган банк изоҳида.
Банк ички нархлар кескин ўсишининг олдини олиш, тўлов тизими узлуксизлиги ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида барча зарурий чораларни кўриб боришини таъкидлаган.

Ташқи иқтисодий шароитлар

Асосий савдо-ҳамкор давлатларда кузатилаётган иқтисодий вазият, уларнинг валюта курсларидаги кескин тебранишлар, жаҳон хомашё ва энергия бозорларида нархларнинг ўсиши макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқликлар ва хатарларни оширмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровлар уларнинг девальвацион кутилмаларида сезиларли ўсиш кузатилаётганлигини кўрсатмоқда.
Айни пайтда мазкур омиллар турли каналлар орқали ички макроиқтисодий барқарорликка қисқа ва ўрта муддатли истиқболда салбий таъсир кўрсатади.
Бунда қисқа муддатли таъсирлар экспортдан тушумлар ва мамлакатга пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ҳисобига ички валюта бозорида таклифнинг қисқаришида, импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг қимматлашиши орқали ички нархларнинг ўзгаришида намоён бўлса, ўрта муддатли таъсирлар ташқи ва ички талабнинг қисқариши ҳисобига иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига тегишли босим кўрсатади.
Макроиқтисодий ва таркибий ислоҳотлар борасида 2022−2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирларни амалга оширилиши ушбу салбий таъсирларни юмшатиш имконини беради.
Умуман олганда миллий валюта курси динамикасида ташқи хатарлар ва девальвацион босимлар таъсирларига жавобан тўғриланиш кузатилиб, жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланди.
МБ алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида "нейтраллик тамойиллари" доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширган.

Ички нархлар динамикаси ва инфляцион кутилмалар

Кузатувларга кўра, республика ҳудудларида март ойининг биринчи ярмида энг кўп истеъмол қилинадиган товарлар нархлари — 0,6 фоизга ошди. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,4 фоизга ва хизматлар 0,2 фоизга ўсган.
2022 йил февраль ойи сўровлари натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,0 фоизни ташкил этди. Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари эса ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандга ортиб, 14,6 фоизгача ошди.
Жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларининг сезиларли даражада ўсаётганлиги, ташқи таклифнинг қисқариши ва географик жиҳатдан ўзгариши, истеъмол товарлари импортида логистика билан боғлиқ масалалар йил сўнгига қадар ички нархларга қўшимча босимни юзага келтириш эҳтимоллари ошмоқда.
Бу борада Ҳукумат билан биргаликда ички бозорда маҳсулотлар таклифини кўпайтириб бориш, логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш ва юзага келиши мумкин бўлган узулишларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриб борилади.
Шунингдек, асосий ставкани ошириш ва валюта бозорини барқарорлаштириш бўйича курилаётган жавоб чоралари келгусида инфляцион кутилмаларни жиловлаш ва аҳолининг миллий валютадаги даромадлари харид қобилятини сақлаб қолишга ҳам хизмат қилади.

Пул-кредит шароитлари

2022 йилнинг дастлабки 2 ойида банклараро пул бозоридаги амалиётлар бўйича ўртача фоиз ставкалари 13,1 фоиз атрофида шаклланиб, иқтисодиётда "нисбатан қатъий" пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилди.
Банклар томонидан миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича таклиф этилаётган ўртача тортилган фоиз ставкалари февраль ойида жисмоний шахслар учун 20,4 фоизни, юридик шахслар учун 15,5 фоизни ташкил этиб, мос равишда инфляцион кутилмаларга нисбатан ҳам ижобий тафовут сақланиб қолмоқда.
Пул-кредит шароитларини қатъийлаштириш бўйича жорий қарор иқтисодиётда реал фоиз ставкаларни сақлаб қолиш орқали миллий валютадаги активлар даромадлилигини ва банк тизимида муддатли депозитларнинг ўсувчи динамикага қайтишини таъминлашга қаратилган.

Молиявий барқарорлик

Тижорат банкларининг мавжуд ташқи молиявий мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ хатарларнинг банк тизими ликвидлилигига таъсири бўйича дастлабки стресс-тестлар ўтказилди.
Олинган натижаларига кўра, хатарли сценарий шароитларида ҳам маҳаллий банкларнинг ликвид маблағларида маълум бир даражада пасайишлар кузатилсада, етарли миқдорда ликвидлилик буферларининг мавжудлиги ҳисобига минимал талаблардан камайиб кетиш ҳолатлари юзага келмайди.
“Тижорат банклари аҳоли ва тадбиркорларнинг талаблари бўйича тўловларни амалга ошириш ва бошқа мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажаришлари учун етарли ликвидлик ва молиявий захираларга эга”, — дейилади хабарда.

Ташқи хатарларни минималлаштириш бўйича кўрилаётган қўшимча чоралар

Банк тизимини зарурий ликвидлик билан таъминлаш мақсадида тижорат банкларига Марказий банк томонидан қисқа муддатли ликвидлик чекловларсиз (РЕПО ва СВОП операциялари орқали) тақдим этиб борилади.
Марказий банк томонидан муомалага чиқариладиган қисқа муддатли облигациялар ойлик ўртача қолдиғи бўйича лимитлар 20 трлн. сўмгача оширилди.
Тижорат банкларига жорий йилнинг 1 июлига қадар:
чакана операциялар бўйича валюта курсларини белгилашда валюта биржасида колл аукцион натижасида шаклланган валюта курсидан фойдаланиш имконияти берилди;
тижорат банклари томонидан аукционларда харид қилинадиган Марказий банк облигациялари бўйича фоиз ставкалари даражаси асосий ставканинг юқори чегарасигача кенгайтирилди;
икки ҳафталик депозит аукционлари бўйича лимитлар бекор қилинди.
Шу билан биргаликда, МБ макроиқтисодий ривожланиш прогнози ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олиб қайта кўриб чиқмоқда.
Бунда инфляцион ва девальвацион кутилмаларнинг пасайиши, ички макроиқтисодий шароитларга ташқи босимларнинг пасайиши билан асосий ставка даражаси босқичма-босқич пасайтириб борилади.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 21 апрель кунига белгиланган.
Янгиликлар лентаси
0