Ўзбекистонликлар ҳаётида 1 мартдан нималар ўзгаради

CC0 / pixabay / Календарь. Иллюстративное фото
Календарь. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.03.2022
Oбуна бўлиш
Биринчи мартдан ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлган ҳайдовчидан айрим ҳужатлар талаб қилинмайди, ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади – батафсил қуйида.
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. 2022 йил 1 мартдан Ўзбекистон қонунчилигида қатор ўзгаришлар рўй беради.
1. Ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида қуйидаги ҳужжатларни олиб юриши талаб этилмайди:
транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатлар;
ишончнома;
суғурта полиси.
Бунда ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ЙПХ ходими томонидан электрон тизим орқали мустақил текширилади.
2. Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация тўловлари жорий этилади.
Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади.
Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилади.
Бунда, ҳар ойлик компенсация тўлови – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи (130 050 сўм) миқдорида тўланади;
Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи (289 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.
3. Ёшларга айрим ёрдам турлари (13 та) маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида берилади.
Ёш оилаларга имтиёзли кредит олиб бериш, нодавлат таълим курсларида ўқиш, ногиронлиги бўлганларни қўллаб-қувватлашга субсидиялар берилади.
4. Қуйидаги хизматлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда кўрсатилади:
Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;
чет давлат ҳудудида Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;
судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;
автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;
жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларда сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.
5. Ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади.
болаликдан ногирон бўлган шахслар ва I ва II гуруҳ ногиронлари даромад солиғи бўйича имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;
- 2024 йил 1 мартгача иш берувчиларга ногиронлар учун тўланган ижтимоий солиқ Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.
6. Мева-сабзавотчилик кластерлари ва фермер хўжаликларига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш ҳаражатини 50 фоизи компенсация қилинади.
мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига — экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.
мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) — хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.
7. "Топилмалар столи" фаолияти тугатилади
Ички ишлар вазирлиги тизимидаги "Топилмалар столи" фаолияти тугатилади. Туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш бўйича давлат хизмати кўрсатилиши бошланади.
Шунингдек, йўқолган ашёларни қидириш бўйича мурожаатлар ЯИДХП орқали ҳам қабул қилиниши йўлга қўйилади.
8. 28 та турдаги фаолият учун лицензияни “Лицензия” ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали олиш мумкин.
Рўйхатга, жумладан, қуйидагилар кириритилган:
нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асраш,
туризм фаолияти;
хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолият;
дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ва бошқа фаолиятлар.
Талабгор лицензия олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юбориши керак.
9. Ерлардан фойдаланишда жамоатчилик назорати кучайтирилади
ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан Бош прокуратура (1007 қисқа рақами) ва Кадастр агентлигига (1097 қисқа рақами) юборилган фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади.
10. Цементни чекловларсиз экспорт қилишга рухсат берилади
барча юридик шахсларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойналарини тўғридан-тўғри шартномалар асосида чекловларсиз (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 январга қадар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.
11. Расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш такомиллаштирилади
Расмий ҳужжатга апостиль қўйиш, мурожаат этувчининг ўз хоҳишига кўра, анъанавий ёки электрон тарзда амалга оширилади.
Мурожаат этувчи давлат хизматини олиш учун ДХМга ўзи келади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтган ҳолда электрон тарзда мурожаат этади.
12. "E-ekspertiza" ягона электрон ахборот тизими иш бошлайди
Тизим суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган.
Янгиликлар лентаси
0