“Тунлари билан йиғлаб чиқардим”: Дилбар Далимова ўзбек вакцинасининг яратилиши ҳақида

Oбуна бўлиш
Биотехнолог Дилбар Далимова қайси хизматлари учун ордан ва “Scopus Award” мукофотини олган, аёл кишининг илмий ютуқларга эришиши қийинми – батафсил мақолада.
Дилбар Далимова - Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази биотехнология лабораторияси мудири, илмий ходим, коронавирус пандемиясига қарши курашдаги фидокорлиги учун давлат ордени соҳибаси.
Олиманинг муваффақиятлари, лойиҳалари, халқаро эътироф ва россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорлиги ҳақида – батафсил Sputnik материалида ўқинг.

Касб танлашдаги қийинчиликлар ҳақида

Қаҳрамонимиз олимлар оиласида вояга етган. Отаси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтида фаолият юритган. Бундан ташқари, у олимлар оиласига келин бўлиб тушади. Турмуш ўртоғининг бобоси Ўзбекистонда биринчи бўлиб география дарслиги муаллифи. Қайнакалари эса - шифокор бўлиб, улардан бири Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент Педиатрия тиббиёт институти проректори лавозимларида ишлаган.
Қаҳрамонимизнинг айтишича, отаси унга касб танлашда фақат икки вариантни таклиф қилган: шифокор ёки биолог.
Дилбар Далимова ўзини шифокор сифатида тасаввур қилмагани боис иккинчи вариантни қабул қилади. Ўзбекистон миллий университетинининг Биология ва тупроқ факультети биотехнология мутахассислиги бўйича тамомлайди.
“Университетни тамомлагандан сўнг дарҳол тадқиқотлар билан шуғулланмадим, аввал ишлаб чиқаришда микробиолог, кимёвий технолог бўлиб ишладим”, - дейди у.
Олимамиз илм-фанда обрўли, эътиборли оиланинг фарзанди эмасми, отасининг талабига кўра ирсий касалликлар бўйича номзодлик диссертациясини ёзишни бошлади. Шу билан бирга ЎзМУда талабаларга сабоқ ҳам берди.
“Атрофимда илм-фанни севадиган, ўз ғояларига эга қизиқарли одамлар пайдо бўлди. Барчаси фақат олдинга интилишни хоҳлар эди. Бундай муҳит менга ҳам таъсир қилмасдан қолмади”,- дейди Далимова

Йил олимаси

Дилбар Далимова илм-фан оламига шўнғиб кетди. Олиманинг айтишича, мактабда ўқиб юрган кезлари биология унга доимо зерикарли туюлган. Кейинчалик, бу фаннинг сир-асрорларини ўргангани сайин, унга меҳри ортган.
Бироқ, қаҳрамонимизнинг айтишича, бу йўлда бир қанча қийинликларга ҳам дуч келган. Булардан бири қадриятлар билан боғлиқ эди. Қандай юксак мавқега эга бўлмасин, аёл аввало она, турмуш ўртоқ ва келин бўлиб қолади.
“Оиламизда барча миллий қадриятлар эъзозланади. Мендан ҳеч ким уйни озода сақлаш, оила учун пишир-куйдир, фарзанд улғайтириш каби аёллик бурчларини тортиб олмаган. Албатта, илм-фан билан шуғулланмоқчи бўлган аёл-қизларга қийин. Бироқ, буни уддасидан чиқса бўлади. Асосийси - хоҳиш ва ҳаракат”, - дейди қаҳрамонимиз.
Тадқиқотчимиз генетикага билан бир неча йил шуғулланди. Касалликка умумий мойиллик, дори воситаларининг турли одамлар организмига таъсири, аҳолининг генетик хусусиятларини ўрганди. Ушбу тадқиқотлар натижалари асосида, хусусан, ўзбек миллатининг келиб чиқишига оид илмий мақолалари “Genome Research”, “PLoS Genetics”, “Central Asian Journal of Global Health”, “Scientific Reports”, “Nature ecology and evolution” каби нуфузли журналларда чоп этилган.
Далимованинг сўзларига кўра, илмий журналнинг нуфузи қанчалик юқори бўлса, олимга ҳам шунчалик юқори баҳо берилади. “Nature” журналида илмий мақоласи эълон қилинганлигини олимамиз ўзининг энг катта ютуқларидан бири деб билади. Бу барча илмий нашрлар айсбергининг учи эди. Бу эса, Далимованинг 2019-йилда чоп этилган мақолалар натижаларига кўра йилнинг энг яхши олими сифатида мукофот билан тақдирланишига туртки бўлди.
Таъкидлаш лозим, Буюк Британиянинг “Nature Publishing Group” таҳририятига қарашли “Nature” журнали биология ва тиббиёт соҳалари бўйича дунёнинг энг нуфузли нашрларидан бири ҳисобланади.
Олимамизнинг сўзларига кўра, мукофот у учун умуман кутилмаган янгилик бўлган.
“Тақдирлаш маросимига таклиф қилишганда, совриндорлар рўйхатида бўлишимни ҳатто тасаввур ҳам қилмаганман. Бундай мукофотлар- узоқ ва тинимсиз меҳнат эътирофи дегани. Масалан, ўша журналда нашр этган мақолам генетика, туғма касалликлар борасида беш йиллик тинимсиз изланишларим эвазига ёзилган эди”, - дейди у.

“Тунлари билан йиғлаб чиқардим, тонгда ҳаммасини қайтадан бошлардим”

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2020-йилда коронавирус пандемиясини эълон қилганида, марказ мутахассислари қаршисида COVID-19 учун тест тўпламларини ишлаб чиқишдек масъулиятли вазифа турарди.
“Муаммо шунда эдики, биз биринчи марта бундай ишга дуч келгандик. Оммавий ишлаб чиқаришгача бўлган синов тизимларини ишлаб чиқдик. Бу жуда мураккаб эди", - дейди биотехнология лабораторияси раҳбари.
Вазият қанчалар мураккаб бўлганини қаҳрамонимиз яхши эслайди. Пандемия умуман кутилмаганда бошланди, лабораториялар бунга тайёр эмасди. Локдаун эълон қилинди. Марказда эса атиги 12-15 та ходим қолган эди. Ходимларни марказ яқинидаги меҳмонхонага жойлаштиришган ва ҳеч қаерга чиқишга рухсат беришмаганди.
“Икки ой ўша ерда қолиб кетдик. Ҳам жисмонан ҳам руҳан қийин эди жуда. Бу қанақа вирус бўлди? Қўрқув, ташвишланиш, ноумидлик кайфиятларига тушиб қолгандик”, - дея хотирлайди олима.
Маҳаллий маҳсулотлар қаттиқ талаблар асосида текширилади. Бирорта ҳам импорт қилинган тест ўзбекистонникидек синовдан ўтказилмаган. Ўзбекистонда яратилган тест бешта лабораторияда синовдан ўтказилган. Ва мустақил текширув натижаларига кўра, ишлаб чиқувчилар тестлар тўғри ишлаётгани ва хорижий тестлардан кам эмаслиги ҳақида жавоб олди.
“Меҳнатингиз эътироф этилган ва юқори баҳоланганда нималарни ҳис қилдингиз” деган саволимизга Далимова : “чарчоқдан эзилган қувончни” дея жавоб берди.
“Шундай вақтлар бўлдики, ҳеч нарса ўхшамасди, натижалар чиқмасди. Ўзи кам ҳолларда йиғлайдиган инсонман. Аммо баъзида тунлари лабораторияда ожизлигимдан йиғлаб чиқардим. Эрталаб эса ҳаммасини яна бошқатдан бошлар эдик”, - дея хотирлайди у.
Меҳнати учун фахр туйғуси ва жамоанинг аҳамияти, аҳилликнинг кераклигини Дилбар кейинчалик ҳис қилди.
“Бир куни эрталаб ишлаб чиқариш майдончаси ёнида турган катта машиналарни кўрдим. Машиналар тун бўйи тестлар партиясини кутди. Узоқ ҳудудларга тест етказиш керак эди. Ана ўшанда мен ишимизнинг сифатли натижаси одамлар учун қанчалик муҳим эканлигини англадим”, - дея хотиралари билан ўртоқлашди Далимова.
Бир неча ой ўтгандан сўнг, қаҳрамонимиз коронавирус пандемияси билан курашишда кўрсатган фидокорлиги учун иккинчи даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланди.

Вакцина касалликка чалинмасликка кафолат эмас. Вакцина - ўлимга қарши кафолат

Дилбар Далимова бир вақтнинг ўзида икки йўналишда коронавирусга қарши вакциналар яратишда фаол иштирок этмоқда. Булар Ўзбекистон-Хитой вакцинаси учинчи босқичининг клиник синовлари ва янги авлод маҳаллий вакцинасини яратиш жараёнлари.
Биотехнолог ва тадқиқотчи олима ўзини вакцинанинг ҳимоячиси деб билади. Бунинг унинг арзирли сабаблари бор.
“Коронавирус онамни ҳам, отамни ҳам бу ҳаётдан олиб кетди. Мен уларга ёрдам бера олмадим. Шундан сўнг ўз олдимга катта мақсад қўйдим. Барчага вакцина етиб бориши учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилишни ният қилдим”, - дейди олима.
Илғор технологиялар маркази лабораториясида Далимова ва унинг ходимлари айни пайтда республикада қайси штамм кўпроқ таралаётганини аниқлашмоқда.
“Текшириш натижаси ижобий бўлган беморлардан намуна олиш имкониятига эга бўлишимиз керак. Асосан Зангиота-1 ва Зангиота-2 ихтисослаштирилган шифохоналари беморлари. Танловларимиз мобайнида одамлар, айниқса, сурункали касалликларга чалинганлар ва кексаларда касаллик жуда қийин кечаётганини кузатяпмиз”, - дейди Далимова.
Тадқиқотчининг таъкидлашича, коронавирус яна қандай мутацияларга учрашини олдиндан айтиб бўлмайди. Фақатгина вакцина бу занжирни узиб ташлаши мумкин.
“Бу ягона йўл. Мен бошиданоқ шуни барчага етказишга ҳаракат қилдим- вакцина касалликка чалинмаслик кафолати эмас, балки касалликдан вафот этмасликка кафолатдир. Бу кўп нарсани англатади”, - дейди қаҳрамонимиз.
Шунингдек, ҳикоямиз қаҳрамони Илғор технологиялар марказининг россиялик мутахассислар билан ҳамкорлиги тўғрисида сўзлаб берди.
Олиманинг сўзларига кўра, марказ мунтазам равишда россиялик мутахассислар билан ҳамкорлик қилиб келади. Россиялик мутахассислар марказга тез-тез ташриф буюради. Ўзбекистонлик ёш биологлар ҳам Россияда амалиёт ўтаб қайтмоқда.
“Вакцинани ишлаб чиқаришни ўрганиш ва яратиш учун борган биринчи мамлакатимиз Россия бўлди. “Спутник V” вакцинаси қандай ишлаб чиқарилаётганини ичкаридан кўришимиз ва ҳамкасбларимиз - иммунологлар, вакцина ишлаб чиқарувчилар билан фикр алмашишимиз учун учрашувлар ташкил қилинди”, - дейди Далимова.
Шунингдек, Илғор технологиялар маркази ва Россиянинг бир қатор илмий муассасалари қўшма стартаплар, соғлиқни сақлаш ва кимё саноатида илмий лойиҳаларни амалга оширади. Бундан ташқари марказ ходимлари Россиянинг “Сколково” инновацион марказида малака оширишган.
Марказ вакиллари ахборот-коммуникацион технологиялари бўйича “Софтлендинг” дастурида иштирок этган.
Янгиликлар лентаси
0