Чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш: Мирзиёев йиғилишда қандай топшириқлар берди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.02.2022
Oбуна бўлиш
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган соҳа - чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган соҳа - чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Биз “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилда камбағалликни камида 2 бараварга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Пандемия давом этаётгани, иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби омиллар дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига сабаб бўлмоқда.
Аҳоли кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини гўшт, сут ва тухум каби маҳсулотлар ташкил этади.
Шу боис, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим тармоғи – чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳар кунгидан ҳам долзарб ва устувор аҳамият касб этмоқда”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.
“Бугунги йиғилишни ўзим ҳар бир вилоят ва туман кўрсаткичларини чуқур таҳлил қилиб ўтказаётганимнинг яна бир муҳим сабаби – 2022 йилда чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1,2 миллион, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича барча имконият ва захира мавжуд”, деди президент.
Шу билан бирга, давлат раҳбари вилоят ёки туманда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига талаб қанча, бу талабни қондириш учун 2022 йилда қандай тизимли ишлар қилиш керак, деган саволларга бирорта ҳудуд раҳбарида аниқ тасаввур йўқлигини танқид қилди.
Чорвачилик ва пиллачиликда бугунги вазифаларни бажариш ва айтиб ўтилган иш ўринларини яратишга шахсан вилоят ҳокимларининг ўзи масъул ва жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилди.
Туман ҳокимлари, аграр соҳа раҳбарлари учун чорвачилик, қўйчилик, эчкичилик, пилла ва жун саноати йўналишида ўқув семинари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, 2019-2021 йилларда:
чорвачилик бўйича 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди;
чорвачиликка 15 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилиб, 4,5 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди;
наслчилик хўжаликлари сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 414 тага етди;
чорва моллари сони 1,2 миллионга кўпайди.
Лекин, республика бўйича ҳар 2 кишига ўртача 1 та қорамол тўғри келса, бу кўрсаткич Наманган, Фарғонада 4 кишига 1 та, Тошкент вилояти ва Сурхондарёда 3 кишига 1 тани ташкил этмоқда.
Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган ва Сурхондарёда йирик чорвачилик хўжаликларининг сони қолган ҳудудларга нисбатан 1,5-2 баравар кам.
Чортоқ, Нарпай, Ургут, Олтинсой, Ўртачирчиқ ва Урганч туманларида аҳолини гўшт билан таъминлаш даражаси 40 фоизга етмасада, ушбу туман ҳокимлари 2022 йилда аниқ лойиҳаларни ишга туширишни режа қилмаган.
Шу сабабли, вилоят ҳокимларига бир ойда ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.
Йиғилишда кооперация орқали чорвани кўпайтириш вазифаси қўйилди ва намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилди:
- ҳоким ёрдамчиси ва фермер хўжалиги ҳамкорлигида аҳолига қорамол ҳамда қўй ва эчки тарқатилган, етиштирилган сут ва гўштни сотиб олиш йўлга қўйилган Миришкор тажрибаси;
- томорқа хизмати корхонаси аҳолига 2-3 тадан наслли қорамол тарқатган, ветеринария хизматларини бепул кўрсатаётган, гидропоника усулида озуқа етиштиришни йўлга қўйган Чуст ҳамда ер ресурслари чекланган шароитда хонадонларда 20 тагача зотли қорамол боқилаётган Балиқчи тажрибаси;
Бу тажрибаларни кенгайтириш учун хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредитнинг 50 фоизига кафиллик, гидропоникада озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи қоплаб берилади.
Паррандачилик корхонаси аҳолига 50-100 бош хонаки парранда ва инкубатор тарқатган, мингтадан тухум сотиб олиш ва парранда кўпайтириш йўлга қўйилган Тахиатош тажрибаси алоҳида қайд этилди.
Ушбу тажрибалардан келиб чиқиб мутасаддиларга қуйидаги топшириқлар берилди:
15 мартга қадар ҳар бир туманда камида 5 тадан маҳаллада Миришкор тажрибасини йўлга қўйиш;
1 майга қадар томорқа хизмати корхоналари орқали Чуст ва Балиқчи тажрибаларини барча туманларда жорий этиш ва бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм ажратиш;
1 июнга қадар Тахиатош тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камида 2 тадан лойиҳани ишга тушириш;
1 сентябрга қадар ҳар бир вилоятда камида 2 мингтадан хонадонга наслли чорва молларини тарқатишни ташкил этиш.
Умуман, вилоят ҳокимлари юқоридаги 3 та тажриба асосида 2022 йилда жами 200 минг аҳоли бандлигини таъминлашга шахсан масъул бўлиши кўрсатиб ўтилди.
Қўй-эчкилар сонини кескин кўпайтириб, аҳолини жундан маҳсулот тўқиб, даромад топишга рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Бу борада Ангрен, Косон, Ромитан ва Навбаҳордаги кооперация бўйича намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилди ва уларни икки ой муддатда 60 та туманда йўлга қўйиш топшириғи берилди.
Йил якунига қадар наслли қўй кўпайтириш бўйича 133 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бунда:
- жун ва сут йўналишида наслли қўй ва эчки харид қилиш учун 5 йилгача 3 йил имтиёзли давр билан;
- чорвачилик хўжаликлари томонидан аҳоли хонадонларидан жун ва сут маҳсулотларини сотиб олишга 12 ойгача 9 ой имтиёзли давр билан;
- ем озуқа, шунингдек сут, гўшт ва жунни қайта ишлаш цехларини ташкил этишга 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан кредитлар ажратилади.
Аҳолига ушбу кредитлар ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 50 миллион сўмгача гаров таъминотисиз ажратилади, кредит фоизининг ярмини қоплашга компенсация берилади.
Йиғилишда ўн кун муддатда кооперация асосида аҳолига 350 минг бош қўй ва эчкини тарқатиш ишларини бошлашга топшириқ берилди. Бунга 100 миллион доллар йўналтирилади.
Соҳа мутасаддиларига вилоят ва туман ҳокимлари билан бирга бир ҳафта муддатда 67 та йирик қўй ва эчкичилик хўжаликларини ташкил этиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.
Вилоят ҳокимлари 2022 йилда қоракўлчилик, қўйчилик, эчкичилик ва жун саноатини ривожлантириш ҳисобига 150 минг аҳоли бандлигини таъминлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Йил якунига қадар 123 та йирик лойиҳани ишга тушириш, ҳар бир кластерда камида 500 бошли чорва комплекслари ташкил этилиш чоралари белгилаб олинди.
Бунда, 500 гектар майдонда озуқа экинларини алмашлаб экишни йўлга қўйган, 2021 йилда 1 минг бошга эга йирик чорвачилик комплексини ишга тушириб, 2022 йил якунига қадар 400 тонна гўшт ва 1,5 минг тонна сут ишлаб чиқаришни режалаштирган Гурландаги “Гурлан Барака текс” кластери намуна сифатида айтилди.
Бундай чорва комплексларини кенгайтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун:
- 120 миллион доллар маблағ кредит ресурси сифатида йўналтирилади;
- четдан олиб келинадиган озуқа экиш ва ўриш техникалари божхона божларидан 3 йил муддатга озод этилади ҳамда уларга қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача кечиктириб тўлаш тартиби жорий этилади (бу техникани 20 фоизга арзон сотиб олиш имконини беради);
- кредит ва лизингга олинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари фоиз харажатининг 10 фоиздан ортиқ қисми қоплаб берилади;
- чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерлари ажратилади.
Йил якунига қадар 105 та, келгуси йилда 130 та пахта ва ғалла кластерларининг ҳар бирида камида 500 ва 1 минг бошли чорва комплексларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Мирзиёев чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида тўхталди.
Вилоят ҳокимларига 2 миллион гектар сувли ер майдонининг камида 10 фоизига беда ва чорва озуқа экинларини алмашлаб экишни таъминлаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, фойдаланишдан чиққан ва янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига йирик чорва комплекслари ташкил этилади.
Бунда, Қизилтепада 2021 йилда 1 минг гектар чўл ерларини ўзлаштириб, 2 минг бошли чорва комплекси ва кунига 40 тонна сутни қайта ишлаш цехини ишга туширган, 2022 йилда қўшимча 1 минг гектар ерни ўзлаштириб, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатган ҳолда элита уруғчилигини ташкил этишни режалаштирган ҳамда сув тежаш технологияси ёрдамида арпа ва маккажўхори каби озуқабоп экинларни оралатиб эккан “Янги Аср” чорвачилик хўжалиги мисоли айтиб ўтилди.
Сувни тежаш технологиялари ёрдамида озуқа экинлари етиштиришни йўлга қўйган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун уларга:
ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм субсидия берилади;
хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади;
кредит фоизининг 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредит суммасининг 50 фоизига кафиллик берилади;
гўшт ва сут учун бюджет ҳисобидан бериладиган субсидия миқдори 2 бараварга оширилади.
Вилоят ва туман ҳокимлари йил якунига қадар ушбу йўналишда 100 минг аҳоли бандлигини таъминлашга масъул бўлади.
Президент 2022 йилда халқаро молия ташкилотларидан 500 миллион доллар жалб этиб, чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаларига йўналтириш зарурлигини қайд этди.
Йиғилишда чорва маҳсулдорлигини ошириш, наслчиликни яхшилаш, умуман, соҳага илм ва илғор тажрибаларни жорий этишда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг роли кучайтирилиши таъкидланди.
Ушбу институт мақоми оширилади, унга ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тажриба институтлари бириктирилади.
Институт ва унинг филиаллари:
- барча пахта, ғалла ва чорвачилик кластерларига бириктирилади, уларга амалий ва методологик кўмак бериб, пуллик хизматлар кўрсатади;
- аҳоли хонадонларида қорамол, қўй, эчки, парранда ва бошқа чорвани кўпайтириш, озуқа экинларини экиш, чорва касалликларини олдини олиш бўйича “маҳаллабай” ишлашни йўлга қўйиб, аҳоли ва фермерларни қисқа муддатли курсларда ўқитади.
“Чорванасл” агентлигига ҳар бир туман кесимида чорвачиликда наслчиликни яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш топширилди.
Янгиликлар лентаси
0