Гулнора Каримованинг Ўзбекистонга қайтарилган маблағлари нималарга сарфланади

© InstagramГульнара Каримова
Гульнара Каримова - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.02.2022
Oбуна бўлиш
Адлия вазирлиги: Гулнора Каримовага тегишли 10 миллион доллар Франциядан Ўзбекистонга қайтарилди.
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги Гулнора Каримова томонидан хорижга ноқонуний олиб кетилган мол-мулклар Ўзбекистонга қайтарилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан Гулнора Каримова ва унинг шериклари томонидан жиноий фаолиятдан орттирилган ва қонунга хилоф равишда мамлакатдан ташқарига олиб кетилган мол-мулкларни қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Бу ишлари натижасида яқинда Франциядан 10 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилган. 2020 йилнинг май ойида ҳам Франциядан 10 миллион доллар қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган эди.
Шу билан бирга, жорий йил 11 февралда Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтган. Унда томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) кўптомонлама траст жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш бўйича келишувга эришишган.

"Мазкур Жамғармадан Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш юритуви доирасида тўлиқ мусодара қилинган активларни қайтариш учун фойдаланилади. Шунингдек, Жамғарма Швейцарияда давом этаётган жиноий иш доирасида келажакда мусодара қилинадиган ҳар қандай қўшимча активларни қайтариш учун хам хизмат қилади. Ҳозирги кунда тахминан 131 миллион доллар қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр", - дейилади хабарда.

Жамғарма бошқарув механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакилларидан ташкил топади. Шу орқали Швейцария ва Ўзбекистон активларни қайтариш жараёнига тўлиқ жалб этилади. Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (UNSDCF)га мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади.
Ушбу лойиҳалар Жамғарма фаолиятида иштирок этувчи БМТ тизимидаги ташкилотлар томонидан бошқа ижрочи шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Барча лойиҳалар БМТнинг қоида ва низомлари асосида тузилган Жамғарманинг мониторинг ва баҳолаш тизимига мувофиқ назорат қилиб борилади. Фуқаролик жамияти институтлари Жамғарма фаолиятида маслаҳатчилар сифатида иштирок этади.
Жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлайди. Ушбу келишув имзоланганидан кейин Жамғарма ва унинг фаолияти ҳақида қўшимча батафсил ахборот берилади.
Бундан ташқари, Москва шаҳар суди томонидан Ўзбекистон судларининг Гулнора Каримова ва унинг шерикларига нисбатан чиқарган ҳукмлари тан олинган. Ҳозирда Россия томони билан Ўзбекистонга қайтариш учун мусодара қилинган мол-мулкларни сотишни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.
"Қайтарилган маблағлар мамлакат аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид:

Швейцария суди Гулнора Каримовага тегишли пулларнинг аксариятини мусодара қилди
Гулнора Каримова иши: Париждаги мулк сотувидан тушган 10 млн $ бюджетга ўтказилди
Гулнора Каримова иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди
Озодлик эвазига нималарга тайёр: Каримова Ўзбекистон президентига мактуб ёзди
Янгиликлар лентаси
0