Алишер Навоий таваллудига 581 йил

Oбуна бўлиш
Бугун буюк ўзбек шоири, улуғ олим ва мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудига 581 йил тўлди.
Алишер Навоий туркий тилда ижод қила бошлаган биринчи шоир бўлгани учун ҳам унинг ўзбек адабиёти пайдо бўлиши ва ривожланишига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Шунингдек, Навоий туркий тил грамматикаси, туркий тилда шеър ёзиш қоидаларига бағишланган асарлари ўтган асрлардан бугунги кунга қадар бошқа шоир ва адабиётчиларга илмий қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Алишер Навоий ҳаёти давомида ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилда ҳам ижод қилиб, ўзидан бой меърос қолдирди. Шоирнинг форсий тилдаги шеърлари "Девони Фоний" тўпламига жамланган. Ушбу асар Теҳронда, Тошкентда ва Душанбеда нашр этилган.
Алишер Навоий ижодиётига қизиқиш, уни ўрганиш Европа ва Россияда ҳам ҳийла катта тарихга эга. Француз шарқшуноси Катрмер, россиялик И.Н. Березин, М. Никитский ва яна бир неча олимлар Навоийнинг фаолияти ва меросини ўрганиб чиқишган.
Ўзбекистонда ҳам 20 аср давомида Алишер Навоийнинг турли асарлари қайта-қайта нашрдан чиқди. Буюк ўзбек олим ва адиблардан Ойбек, О. Шарафиддинов, С. Айний, В. Зоҳидов, Иззат Султон, А. Қаюмов, П. Шамсиев, Ҳ. Сулаймонов, Н. Мамаев, С. Ғаниева, А. Ҳайитметов, А. Абдуғафуров, А. Рустамовлар Алишер Навоий ижоди жиддий ўрганилиб, унинг асосида илмий ишлар яратилди.
Шунингдек, Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Искандар” каби асарлари ўзбек театри саҳналаридан мустаҳкам ўрин эгаллади.
Мустақиллик йилларида эса Алишер Навоий асарларини янада кенгроқ ўрганиш имконияти пайдо бўлди. Хусусан, унинг бир қатор асарларида дин билан боғлиқ бўлган, олдин қисқартириб берилган, бўлаклари тўлиқ чоп этила бошланди.
Ундан ташқари, буюк шоир ва мутаффакир номини улуғлаш мақсадида Тошкентда Алишер Навоий номли Миллий боғ барпо этилиб унинг ўртасида шоир ҳайкали ўрнатилди. Ундан ташқари Ўзбекистонда Алишер Навоий номли Давлат мукофоти таъсис этилди, бир неча олий ўқув юртларига, Давлат кутубхонаси, Катта академик опера ва балет театрига Алишер Навоий номи берилди. Шунингдек, Навоий номи Ўзбекистоннинг марказий вилоятларидан бирига ҳам берилган.
Алишер Навоий ҳақида батафсил инфографикамизда танишинг.
Янгиликлар лентаси
0