“Kundalik” нега ишламаяпти ва ота-оналар бошоғриғи қачон тугайди?

© Depositphotos / XalanxУставший мужчина с ноутбуком на голове
Уставший мужчина с ноутбуком на голове - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.02.2022
Oбуна бўлиш
Тизимни тиклаш даврида тармоқдаги юкланишни камайтириш учун “Kundalik” қўллаб-қувватлаш хизмати ўқитувчиларга дарсларида уй вазифасини топшириш муддатини мустақил равишда белгилашни тавсия қилди.
Мактаб ўқувчилари онлайн таълимга ўтказилгандан сўнг “Kundalik” платформасида бирданига носозликлар бошланди. Бу яна яқинда Ўзбекистонда содир бўлган блэкаут пайтига тўғри келди. Тизим вакиллари Sputnik мухбири билан бўлган суҳбатда носозликлар сабаблари ва қачон хизмат тўғри ишлашини маълум қилишди.

Сабаб нимада?

Ижтимоий тармоқларда ота-оналар мингдан ортиқ шикоятли изоҳлар қолдирган. Мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ва ўқитувчилари фойдаланиши шарт бўлган “Kundalik” умумтаълим тизимида мунтазам носозликлар кузатилади. Минглаб ота-оналар фарзандларининг уй вазифаси тайёрланган файлларни бириктириш учун соатлаб вақт сарфлашади ёки уй вазифаларини ярим тунда топширишга тўғри келади.
“Ҳисобчилар ишини кейинга қолдиряпти, шифокорлар беморларни вақтида қабул қилмаяпти, уларга эътибор қаратмаяпти, чунки ҳамма боласининг уй вазифаларини “Kundalik”ка бириктириш билан банд”,- дея изоҳ қолдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Ўқитувчиларнинг уй вазифаларини топшириш учун аниқ муддат белгилагани вазиятни янада мураккаблаштиради.
“Ота-оналарга иложи борича фарзандлари билан ишлаш имкони берилганда ҳам майли эди, яна вақт оралиғига сиқиб қўйишганичи. Агар бугун вазифани топширмасангиз, эртага умуман қабул қилишмайди. Ва шу билан бутун мамлакат қимматли вақтини “Kundalik”да ўтказмоқда”, - деб ёзади яна бир фойдаланувчи.

Муаммо илдизи қаерда: блэкаут ёки платформанинг қайта ишга туширилиши?

Тизимдаги носозликлар онлайн таълимнинг деярли биринчи кунидан бошланди. Халқ таълими вазирлигига кўра, онлайн таълим бир ой давом этиши керак. Аммо 25 январь куни Ўзбекистонда электр таъминотида катта узилиш юз берди ва бу тизим фаолиятига ҳам таъсир қилди. Платформа мутахассислари носозликлар сабаби ва “Kundalik” иши қачон тўлиқ созланиши борасида маълумот беришди.
Платформа матбуот хизмати берган хабарга кўра, бутун Марказий Осиё бўйлаб электр узилишлари сабабли кўплаб IT -компаниялар ва уяли алоқа операторлари фаолиятида ҳам узилишлар бўлган. Бу “Kundalik” платформасига ҳам таъсир қилди.
“Электр билан боғлиқ вазият тезда барқарорлашганига қарамай, ҳамон серверда узилишлар кузатилмоқда”, - дейди платформа матбуот хизмати.
Шу билан бирга, матбуот хизматининг хабар беришича, фойдаланувчиларнинг кўплиги ҳам носозликларга сабаб бўлмоқда. Тизим юкланган режимда ишламоқда. Бироқ, носозликларнинг асосий сабаби электр таъминотидаги узилиш бўлиб қолмоқда.

Муаммо қандай ҳал қилинмоқда?

Маълум бўлишича, энерготизим бутунлай тиклангандан сўнг, дастурдаги носозликлар тугайди.
“Техник қўллаб-қувватлаш хизмати ва методистлар бўлими фойдаланувчилар билан нон-стоп режимида ишламоқда. Бироқ, техник носозликлар IP-телефония линияларида ҳам кузатиляпти. Шу сабабли, биринчи навбатда @Kundalik_support_bot телеграм боти ишга тушди”, - дейди “Kundalik” қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Ҳилола Иззатова.
Бот ёрдамида ота-оналар тизимга киришни тиклаш ва обуна учун тўловни амалга ошириш ҳақида маълумот олишлари, компаниянинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига кириб, платформа функциялари билан ишлаш бўйича видео кўрсатмаларни топишлари мумкин. Бот, шунингдек, қўллаб-қувватлаш хизматига қўнғироқлар архивини олиш ва одатий техник муаммолар ва носозликларни ҳал қилишда ёрдам беради.
Матбуот хизмати платформа билан ишлаш бўйича тавсиялар берди.
“Тизимни тиклаш даврида тармоқлардаги юкни камайтириш учун биз ўқитувчиларга ўз дарсларида уй вазифасини топшириш вақти ва муддатини мустақил равишда белгилашни тавсия қиламиз. Бу таълим платформаси серверларида сунъий юкланишнинг олдини олишга ёрдам беради”, — дейди платформа мутахассислари.
Таъкидлаш жоиз, “Kundalik” таълим платформасида Ўзбекистон бўйича 6 мингдан ортиқ мактаб рўйхатдан ўтган. Улардан 70 фоизи анъанавий кундалик ва журналлардан бутунлай воз кечган. Платформадан бир кунда ўртача 1,2 млн киши фойдаланади.
“Kundalik” платформаси пуллик: ундан фойдаланиш учун ота–оналар йилига 9 минг сўм тўлов киритиши керак.
Янгиликлар лентаси
0