Марказий Осиё “энергоҳалқаси” нима учун керак?

© Sputnik / Илья Наймушин / Медиабанкка ўтишЛинии электропередачи
Линии электропередачи - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.01.2022
Oбуна бўлиш
Марказий Осиё ягона энергетика тизими қандай ташкил топган, нимага “энергоҳалқа” деб аталади ва у нима учун керак? Энергетика вазирлиги ҳикояси.
ТОШКЕНТ, 29 янв – Sputnik. Марказий Осиё “энергоҳалқаси” – аслида “Марказий Осиё ва Қозоғистон жанубининг ягона энергия тизими” дейилади. Энергетика вазирлиги хабарига асосан.

Энергетик ҳалқа нима ўзи?

Бир неча энергетика тизимларининг ўзаро паралел бирлашган равишда, яъни ўзаро ҳамкорликда ишлаши энергетик ҳалқа дейилади. Бундай тизимда ишлаш барча иштирокчилар учун электр таъминоти ишончлилигини сезиларли даражада оширади.
“Ҳалқа”нинг бирон бир бўғини ўчиб қолса, бошқа бўғимлар ғисобидан унинг барқарорлиги сақлаб қолинади, электр таъминоти кескин узилиши ёки қуввати камайиб кетишининг олди олинади.
Ёки аксинча, агар энергия тизимининг қисмларини боғлайдиган йирик тармоқ ўчирилган бўлса, уларнинг параллел ишлаши бузилиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда электр ишлаб чиқарувчи биринчи манбалар — электр станцияларнинг барқарорлиги сақлаб қолинади.

Ташкил топиши

Бундай энергетика тизими фақат Марказий Осиёда эмас, дунё мамлакатларидаям кўпгина. Илгари Совет Иттифоқида бир нечта бундай тизимлар мавжуд эди ва уларнинг ҳар бирининг ўз бирлашган энергетик диспетчерлик марказлари бор эди. Собиқ Иттифоқнинг Марказий диспетчерлик идораси (МДИ — ЦДУ) Москвада жойлашганди.
“Ўрта Осиё ва Жанубий Қозоғистон Бирлашган ягона энергия тизими” - 1960 йилда қурила бошлаган ва 1970 йилларга келиб бугунги яхлит конфигурацияси ҳосил бўлган: 4та республика (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли линиялар битта ҳалқани ташкил қилган.
МО энергоҳалқаси Москвадан бошқарилмаган ва алоҳида ишлаган. Унинг диспетчерлик маркази Тошкент шаҳрида жойлашган бўлган. Энергоҳалқа - 30% гидроэлектр станциялар ва 70% иссиқлик электр станцияларидан ташкил топган бўлиб, диспетчерлик маркази эксплуатация, частота ва қувватни тартибга солиш, мелиорация ва энергетика масалаларини мажмуали ҳал қилиб келган.

Янги тарих

Айтиш жоизки, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин энергия ва ёқилғи таъминотида барча ўз-ўзини мувозанатлаш, барқарорлаштиришга интилди. Гидроэнергетика салоҳияти юқори бўлган давлатлар ўз эҳтиёжини қоплаш учун қишда ҳам сув омборлари сатҳини камайтириб борди. Бу минтақада мелиорация тартиб-таомилини издан чиқариб, кўпгина экологик муаммоларга дуч қилди.
Ниҳоят, 1991 йил 19 ноябрда Ашхободда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикасининг энергетика тизимларининг параллел ишлаши тўғрисидаги битим имзоланди. Албатта, бу энергетика соҳаси раҳбарларининг тўғри қарори бўлиб, Минтақадаги энергетика тизимларининг ҳеч бири мустақил равишда ўз истеъмолчиларини тўлиқ ишончли энергия таъминоти билан таъминлай олмаслигини тушунган ҳолда амалга оширилди.
Шундай қилиб, “Марказий энергия тизимларини ягона диспетчерлик назорати” ташкилоти таъсис этилди ва молиялаштириш манбалари аниқланди. Бир сўз билан айтганда, “минтақа диспетчери” сақлаб қолинди.
Марказий Осиё электр тармоқлари параллел ишини бошқариш ва мувофиқлаштириш бўйича бошқарув органи — Марказий Осиё Ягона энергетика тизими Кенгаши (Марказий Осиё ЯЭТ Кенгаши), Унга энергия тизимларининг биринчи раҳбарлари киритилган бўлиб, йилнинг чоракликларида пойтахт шаҳарларда навбатма-навбат йиғилиб, масалалар жамоавий тарзда муҳокама этишга келишиб олинди.

Фақат 3та республика

Айтиш жозизки, бугунги кунга келиб энергоҳалқа тизимида фақат 3та республика қолган: Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон.
Туркманистон – ушбу тизимга бошидан аъзо бщлмаган. Ўзбекистон Туркманистон билан “орол” деб аталувчи схемалар бўйича ҳамкорлик қилган, яъни алоҳида тармоқлар орқали. 2003 йилда ўз ташаббуси “Энергоҳалқадан” чиқиб Эронга электр энергияси етказиб бера бошлади.
Тожикистон бир вақтлар параллел ишлаш шартларини такроран бузганлиги сабабли “ҳалқа” тармоғидан ажратилган эди. Бу Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон тизимининг бошқа иштирокчилари қабул қилган қўшма қарори бўлганди. Ҳозир қайта қўшилиш бўйича электр-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Дарвоқе, Тожикистон энергетика тизими ўтган йиллар давомида частотани мустақил равишда тартибга солиб келган, бунга гидроэлектр станцияларида мавжуд бўлган катта сув захиралари ёрдам берди. Электр энергиясининг муҳим кўрсаткичларини доимий равишда созлаш мураккаб техник-муҳандислик иши бўлиб, бу муаммони иссиқлик станциялари (Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлгани каби) ёки кичик қувватли гидроэлектр станцияларининг захиралари билан (сўнгги йилларда Қирғизистонда бўлгани каби) ҳал қилиш амалда мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам ушбу энергия тизимларининг ягона “Марказий Осиё ҳалқаси”да биргаликда ишлаши Марказий Осиё энергетика тизимларининг ишончли параллел ишлашини таъминлаш, нафақат улар ўртасидаги, балки “узоқ қўшни” давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб зарурати ҳисобланади.
Маълумот учун, 25 январь куни Марказий Осиё энергетик ҳалқасида катта авария содир бўлган эди. Унда бир неча дақиқа ичида Қозоғистон жануби, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг аксарият шаҳарлари электр таъминотисиз қолди. Тошкентда метро тўхтатилди. Тизимни тўлиқ қайта тиклаш учун деярли 3 кун керак бўлди.
Янгиликлар лентаси
0