Тошкент транспортини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди – тафсилотлар
18:14 22.12.2021 (янгиланди: 18:15 22.12.2021)
© Sputnik / Евгений Биятов
/ Oбуна бўлиш
Янги концепция шаҳар жамоат транспорти ва шахсий автотранспорт учун қулай инфратузилмани яратишни кўзда тутади. Шаҳар кўчаларидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида йўл бўйи пулли тўхташ жойлари пайдо бўлиши мумкин.
ТОШКЕНТ, 22 дек – Sputnik. Транспорт вазирлиги Тошкентда йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжат лойиҳасида қуйидагиларни тасдиқлаш кўзда тутилган:
Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси;
Тошкент шаҳри ер усти йўловчилар транспортининг янги йўналиш тармоғини 2022−2025 йилларда жорий этиш дастури;
Шаҳар йўловчилар транспорти ҳаракат таркибини 2022−2025 йилларда янги замонавий "яшил" автобусларни харид қилиш йўли билан янгилаш дастури;
Транспорт-ўтиш боғламаларини 2022−2025 йилларда ташкил этиш дастури;
Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини2022−2025 йилларда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси".
Асосий эътибор Тошкентда, қулай, жозибадор бўлган шаҳар жамоат транспорти тизимини ташкил этиш, биринчи ўринда пиёдалар, кейинги ўринда мос равишда велотранспорт, шаҳар жамоат транспорти ва шахсий автотранспорт учун қулай инфратузилмани яратишга қаратилган.
Концепцияни амалга оширишдаги ёндашувлар қуйидагиларни ташкил этади:
шаҳар жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан янги йўналишлар тармоғини ташкил этиш, ҳаракат таркибини замонавий "яшил" турлари билан янгилаш, янги дизайн асосида оралиқ бекатларини қайта қуриш;
транспорт-ўтиш боғламалари тизимини яратиш, табақалаштирилган тарифларни жорий этиш;
велотранспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан велотранспорт ҳаракатланиш йўлакларини ва велопарковкаларни қуриш;
шаҳар кўчаларидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида йўл бўйи пулли тўхташ жойларини шакллантириш (биринчи босқичда 10 та кўчада);
транспорт воситалари ҳаракатини бошқаришнинг интеллектуал тизимларини, шу жумладан "ақлли светофорлар" ва "ақлли чорраҳалар" тизимларини жорий қилиш;
юк ташиш тизимини тартибга солиш, бунда юк автомобилларининг шаҳарга киришини маълум вақт оралиғида ҳамда автомобиль вазни инобатга олинган ҳолда чекловларни жорий этиш;
йўналишсиз такси фаолиятини рақамлаштириш;
аҳоли гавжум жойларда, вокзал ва аэропортларга туташ ҳудудларда алоҳида йўналишсиз такси тўхташ жойларини ташкил қилиш
Концепциянинг амалга оширилиши натижасида 2025 йилда:
йўналиш ҳаракат интервалини 35 фоизгача қисқартириш;
шаҳар ҳудудларини йўловчилар транспорти билан тўлиқ қамраб олиш;
аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш (кунлик йўловчи ташиш ҳажми ўртача 1,5 млн йўловчи);
автомобиллар куннинг "тиғиз" пайтида манзилга етиб бориши учун сарфланадиган ўртача ҳаракатланиш вақтининг 50 дақиқадан 35 дақиқагача қисқариши;
шаҳар марказида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар сонининг 20 фоизгача кисқартирилиши;
автомобилларнинг тўхташи ва тўхтаб туриши билан боғлиқ қоидабузарликлар сонининг камайиши;
умумий йўловчилар оқимининг 10−15 фоизи велосипед транспортидан фойдаланиши;
йўлкира ҳақи тўловининг янги табақалаштирилган турларидан қулай ва арзон бўлганларини йўловчиларга танлаш имкониятини жорий этиш;
йўлкира ҳақи тўланишида нақд пул айланмасидан воз кечиш;
транспортдан экологияга етказилаётган зарар 35 фоизгача камайиши;
юк ташиш фаолияти тартибга солинишига эришиш ва бошқалар кутилмоқда.
Бу лойиҳани ишлаб чиқишга президентнинг оғзаки топшириқлари асос бўлган. Унга Туркиянинг тажрибали экспертлари жалб этилган.
Ҳужжатда ёзилишича, пойтахт ҳудуди кенгайиб бориши, янги ишлаб чиқариш объектлари пайдо бўлиши ҳамда аҳолига кўрсатиладиган транспорт хизматлари сифатини ошириш, йўловчи ташиш транспорти хизматларига бўлган эҳтиёж ва талабни тўлиқ қондириш мақсадида шаҳар йўловчилар транспорти йўналишлар тармоғини тубдан қайта кўриб чиқиш долзарблигини кўрсатмоқда.
Лойиҳа муҳокамаларида 2022 йилнинг 5 январигача иштирок этиш мумкин.