Шуҳрат Абдураҳмонов: пиёда юришни тарғиб қилган раҳбарларни Дубайга жўнатаман

© Фото: хокимият Андижанской областиХоким Андижанской области Шухрат Абдурахмонов
Хоким Андижанской области Шухрат Абдурахмонов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.12.2021
Oбуна бўлиш
Андижон вилояти ҳокими эрталаб ва кечқурун пиёда юришни ташкил қилган маҳалла раислари ва ташкилот раҳбарларини Дубайга юборишини айтди.
ТОШКЕНТ, 21 дек – Sputnik. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эрталаб ва кечқурун пиёда юришни ташкил қилган маҳалла раислари ва ташкилот раҳбарларини Дубайга юборишини маълум қилди.
Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг ўттизинчи сессиясида ҳоким вилоятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, спорт инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этган. 14 декабрдан—14 январга қадар вилоятда "Саломатлик ойлиги" ўтказилмоқда.
Абдураҳмонов ўз маҳалласидаги хонадон вакилларини бир ой давомида эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юришига эришган маҳалла раислари ва профилактика инспекторларини Самарқанд ва Бухорога, уч ой давомида пиёда юришига эриша олган раҳбарларни эса Дубайга саёҳатга жўнатишга ваъда берди.

"Битта маҳаллада беш юзта хонадондан ҳеч бўлмаса биттадан чиқиб бир ой эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрса, ўша маҳалладагиларни барчасини Самарқанд ва Бухорога саёҳатга юбораман. Агарда маҳалла раиси, профилактика инспектори ва уларнинг атрофидагилар уч ой давомида хонадонлардаги фуқароларни пиёда юришга жалб этишни ташкиллаштириб берса, уларни Дубайга юбораман”, - деди Андижон вилояти ҳокими. Унинг сўзларидан “Дарё” нашри иқтибос келтирган.

“Бундан ташқари, узлуксиз равишда эрталаб ва кечқурун ходимлари билан бирга пиёда юришни ташкил қилган ташкилот раҳбарларини ҳам Дубайга жўнатвораман. Қанча пул кетса ҳам майли. Мақсад одамларни юргазиш. Бундан ортиқ бошқа нима қилиш керак?”, — дея қўшимча қилди Шуҳрат Абдураҳмонов.
Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ортиқча вазндан халос бўлган амалдор ва фуқароларга ҳар бир килоси учун 500 минг сўмдан пул тўланишини айтган эди.
Янгиликлар лентаси
0