Ўзбекистон президенти ИҲТ саммитида қандай ташаббусларни илгари сурди
© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев принял участие в саммите Организации экономического сотрудничества в Ашхабаде.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) саммити бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев қатор ташаббусларни билдирди.
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммити ишида иштирок этди.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Покистон президенти Ориф Алвий, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, шунингдек, Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин ва ИҲТ бош котиби Ҳусрав Нозирий ҳам иштирок этди.
Мирзиёев халқаро ва минтақавий вазиятга, давом этаётган пандемия шароитидаги иқтисодий қийинчиликларга эътибор қаратиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.
Хусусан,
янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш;
Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштириш;
ИҲТ мамлакатларининг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш;
халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузиш;
хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилиш;
Афғонистон билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш;
ИҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини тузиш;
Ташкилот доирасида муайян соҳани ривожлантириш бўйича ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш. Ўзбекистон раислик қиладиган даврда мамлакатларда Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиш.
Саммит якунида Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси имзоланди. Ушбу ҳужжат аъзо мамлакатларнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги муҳим устувор интилишларини ўзида мужассам этди.
2022 йилда ИҲТга раислик қилиш Ўзбекистонга ўтди.