Аллергия ва астмаси борлар кўчага чиқмаслиги керак - ССВ
11:56 05.11.2021 (янгиланди: 13:48 05.11.2021)
© Sputnik
/ Oбуна бўлиш
Чанг бўрони вақтида кўчага имкон қадар камроқ чиқиш, уйда намликни сақлаш ва албатта ҳимоя ниқоби тақиб юриш тавсия этилади.
ТОШКЕНТ, 5 ноя – Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кунларда Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида кузатилган чанг бўронлари вақтида нима қилиш кераклиги борасида ўз тавсияларини берди.
Вазирлик хабарида айтилишига кўра, табиатнинг бундай ҳодисалари вақтида айниқса астма ва аллергияси бор кишилар эҳтиёт бўлишлари керак. Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова фуқароларга қуйидаги тавсиларни берди:
Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур. Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак.
Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим.
Ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, хўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш зарур.
Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.
Фуқаролар чанг туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, - тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилишлари лозим, - дейилган ССВ хабарида.
Гидрометерология хизмати хабарига кўра, 4-5 ноябрь кунлари Ўзбекистонда мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисалари кузатилган. Кучли шамоллар туфайли оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди. Шамол тезлиги Тошкент шаҳрида 5-10м/с, бошқа жойларида эса 7-12м/сгача етган.