Маҳалла ходимларининг ойлиги 35 фоизга кўтарилади

© Sputnik / Рамиз БахтияровНациональная валюта Узбекистана — сум
Национальная валюта Узбекистана — сум - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.10.2021
Oбуна бўлиш
Президент фармони билан 1 ноябрдан ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган МФЙ ходимлари ойлик маоши 35 фоизга оширилади.
ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Президент “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлари тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
МФЙ ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан — туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади.
Шу билан бир қаторда, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармасини ташкил этилади.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари бўлади:
фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлар;
ҳомийлик маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Масъул шахсларга туман (шаҳар) ҳокимликларига тегишли бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фойдаланиб келинган бино ҳамда иншоотлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминлашга кўрсатма берилган.

Бундан ташқари, 2021 йилда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига зарур канцелярия маҳсулотлари хариди учун, Молия вазирлиги томонидан 9,2 млрд сўм маблағ ажратилади.
Янгиликлар лентаси
0