Сергели туманидаги истироҳат боғининг тақдири нима бўлади?

© Sputnik / Рамиз БахтияровБывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Бывший парк культы и отдыха Янги Сергели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2021
Oбуна бўлиш
Сиз “Янги Сергели” маданият ва истироҳат боғи ҳақида эшитганмисиз? Аслида, собиқ боғ десак тўғри бўлар, бугунги кунга келиб, унинг фақат номи қолган...
Мана бир неча йилдирки, Тошкент шаҳридаги каттагина боғлардан бири ташландиқ аҳволда. У аслида қайси ташкилотга тегишли экани ва ким уни тартибга олиши кераклиги юзасидан аниқ маълумот йўқ. Ён-атрофда яшайдиган минглаб аҳоли эса ҳордиқ чиқариш учун анча олисдаги бошқа боғларга қатнашга мажбур бўлмоқда.
Роман ва боғ: ўхшашликларни топинг...
Буюк рус ёзувчиси Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романидаги Воланд таърифида келтирилган жумлалар ёдингизда бўлса керак: “...ҳар хил идоралар бу одамнинг қиёфаси ҳақида ҳар хил маълумотлар беришди... Чунончи, биринчи маълумотда ўша одамнинг пакана, тилла тишли ва ўнг оёғи оқсаши ҳақида хабар қилинган бўлса, иккинчисида у одам баҳайбат, тишига платина қоплама қўйдирган, чап оёғи оқсоқ дейилган эди. Учинчи маълумотда: у одамнинг диққатга молик ҳеч қандай аломати йўқ, деб лўнда қилиб ёзилган эди. Эътироф этиш керакки, бу маълумотларнинг биронтаси ҳам тўғри эмас эди”.
Буни боққа қандай алоқаси бор, дейсизми? Алоқа эмасу, ўхшашлиги шундаки, боғнинг ҳолатию келажагини ҳам ҳамма ҳар хил тасаввур қилар экан. Оддий фуқаролардан “каттакон”ларгача. Бир амалдорнинг фикрига кўра, боғ 3 йилдан бери ишламаётган бўлса, шу атрофдаги маҳалла раисининг сўзларига қараганда, унинг ёпилганига 10 йилдан ошди. Маҳаллий ҳокимият вакили тез орада “жиддий ўзгаришлар” бўлишини таъкидласа, туман кенгаши депутати бундай қуруқ ваъдаларнинг охири йўқ ва улар ҳамманинг меъдасига тегиб кетган, дейди. Кимдир боғ Тошкент ҳокимининг буйруғига биноан шаҳар маданият бошқармаси тасарруфига ўтказилган деса, кимдир бундай ҳужжат ҳеч қачон бўлмаган, дейди. Мана шунақа ажабтовур ўхшашликлар... Омон бўлсак, мақола давомида яна кўрармиз.
© Sputnik / Рамиз БахтияровБывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Бывший парк культы и отдыха Янги Сергели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2021
Бывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Биз Тошкент шаҳрида жойлашган оддий боғ ҳақида аниқ маълумот олиш шунчалик мушкул бўлади, деб ўйламаган эдик... Гап шундаки, Сергели туманини шаҳарнинг марказий қисми билан боғлайдиган асосий йўл – “Янги Сергели” кўчаси бўйида, шундоққина ҳокимият биноси рўпарасида бир неча гектар ҳудудни банд этган боғ мавжуд. Хариталарда унинг номи “Янги Сергели” маданият ва истироҳат боғи, дейилган. Аслида, собиқ боғ десак тўғри бўлар. Чунки бугунги кунга келиб, унинг фақат номи қолган. Ташландиқ, қаровсиз аҳволда...
Ким олади-ё шугинани-ё
Узоқ уринишлар ва беҳисоб қўнғироқлардан кейин боғ Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши балансида экани маълум бўлди.
“Боғ амалда бизнинг тасарруфимизда, лекин ҳужжатда эмас, дейди Кенгаш вакили. Тахминан бир йил олдин Тошкент ҳокимининг буйруғига биноан, у шаҳар маданият бошқармаси балансига ўтказилган. (Тошкент шаҳар Матбуот хизмати бу маълумотни, яъни боғ Маданият бошқармасига ўтказилганини рад этди). Биз эса уни топшира олмаймиз, сабаби, бир неча йил один боғда қурилиш таъмирлаш ишлари ўтказилган. Амалда эмас, қоғозда. Қурилиш ташкилоти ғирромлик қилиб, сметада кўрсатилган ишлардан биронтасини бажармаган. Бажармагандан кейин, табиийки, биз ҳам ҳужжатларга қўл қўймаганмиз. Бу 2014-2015 йилги гаплар. Агар ҳозир боғ бошқа идорага бериб юборилса, ўша қурилиш ташкилоти силлиққина қутулиб қолади.”
© Sputnik / Рамиз БахтияровБывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Бывший парк культы и отдыха Янги Сергели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2021
Бывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Маълумотларга кўра, бу иш судда кўрилиб, тегишли қарор чиқарилган. Ўша пайтдаги суд ижрочилари жалб этилиб, маблағни ундиришга ҳаракат қилинган. Лекин тизимли ўзгаришлар юз бериб, суд ижрочилари институти ўрнига Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиши натижасида жараён охирига етмай қолган. Буларнинг бари Ёшлар иттифоқи ходимининг фикри. Биз вазиятга ойдинлик киритишни сўраб, Мажбурий ижро бюросига ҳам мурожаат қилдик. Аммо афсуски, маълумотлар базасида ҳам, архивда ўша ишга оид ҳужжатлар сақланиб қолмаган экан, Ҳатто ўша қурилиш ташкилотининг номини аниқлаш имкони бўлмади.
“Боғим бору, боғим бор...”
Булар-ку, ҳаммаси бир неча йил олдинги гаплар. Лекин боғнинг ҳозирги ҳолати-чи, унга ким масъул? Юқорида айтилганидек, боғ Ёшлар иттифоқи, аниқроғи, “Камолот Ёшлар боғи” МЧЖ тасарруфида. Мазкур МЧЖ раҳбари ва айни пайтда Сергели туман ҳокимининг ёрдамчиси билан эса, афсуски, боғланишнинг имкони бўлмади. На қўнғироқларга жавоб берилди, на телеграм орқали юборилган хабарларга...
Боғнинг атрофида бир неча ўнлаб, ҳатто юзлаб кўп қаватли уйлар мавжуд. Аҳоли ниҳоятда гавжум. Молиявий нуқтаи назардан қараганда ҳам, бу ердан озмунча фойда олиш мумкинмиди? Эсиз, бюджетга тушиши мумкин бўлган пуллар...
© Sputnik / Рамиз БахтияровБывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Бывший парк культы и отдыха Янги Сергели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2021
Бывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Боғ яқинида жойлашган “Янги Сергели” МФЙ раиси Шораҳим ака:
“Бу боғ олти-етти йилдан бери ишламаяпти. Ҳар бир янги ҳоким ўз фаолиятини бошлаганда боғни ишга туширишга ҳаракат қилиб кўради. Шундай пайтда ҳаммамизда умид учқунлари уйғониб қолади. Лекин, афсус... Аллақандай сабабларга кўра, шу масала ҳеч ечим топмаяпти. Биргина бизнинг маҳалламизда 4 мингга яқин аҳоли яшайди. Оилавий ҳордиқ чиқариш имконига эга боғ бўлса, қани эди. Лекин ўзимиз уни ишга тушириш юзасидан ҳеч қаерга мурожаат қилмаганмиз. Чунки боғ бизнинг ҳудудимизда эмас-да...”
Шунақа гаплар. Албатта, боғ бутун туман аҳолисига хизмат қилиши мумкинлиги инобатга олинса, қайси маҳалла ҳудудида экани у қадар муҳим эмас. Муҳими шуки, аҳоли мурожаат қилган тақдирда, нимадир ўзгариши даргумонга ўхшайди. Бу муаммо бир эмас, бир неча марта ҳокимиятнинг ўзида ҳам муҳокама этилган...
Халқ депутатлари туман кенгаши депутати:
“...Лекин ҳар сафар шу масалани кўтарганимизда мавзуга дарров нуқта қўйилади. Боғ ўз фаолиятини тўхтатганига 10 йилдан ошди. Ҳокимият вакиллари эса жуда тез фурсатда ўзгариш бўлиши ҳақида гапиради, бироқ ҳали-ҳануз ҳеч қандай янгилик йўқ. Бундан умидимизни ҳам узганмиз”.
Илгари бу ерда туман миқёсидаги катта тадбирлар, Наврўз ва Мустақиллик шодиёналари ўтказилган. Боғ Сергели аҳлининг севимли масканларидан бири бўлган.
Аслидаку, туман аҳолисининг сонини эътиборга олганда, мавжуд боғни ёпиш эмас, 3-4 та янгисини ташкил этиш керак эди. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг: Жанубий вокзалдан Сергели томонга юрганда, йўл-йўлакай Нўғайқўрғон, Кубайтепа, Жунариқ, Юқори дархон, Меҳригиё, Эзгулик, Ҳабибий, Ўзгариш, Мададкор, Зийнат, Янги сергели, Соҳибқирон, Сўғдиёна, Софдил, Қипчоқ... каби маҳаллалар бор. Бу ҳали “Ярмарка” бекатигача бўлганлари. Ундан нарида яна шунчасини санаш мумкин. Ва бу маҳаллаларнинг хар бирида камида 4-5 мингдан аҳоли яшайди, 7 минг кишилик маҳаллалар ҳам бор.
© Sputnik / Рамиз БахтияровБывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
Бывший парк культы и отдыха Янги Сергели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2021
Бывший парк культы и отдыха "Янги Сергели"
“Ҳозир аҳоли дам олиш учун “Йўлдош” шаҳарчасидаги “Грин парк”ка ёки “Мирзо Улуғбек” метро бекати ёнида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги боққа боришга мажбур. Лекин мазкур ҳудуд учун иккиси ҳам узоқ. Ахир боққа ҳордиқ чиқаргани борасиз. Бу боғларга эса бориш-келишнинг ўзи чарчатиб қўяди”, дейди депутат.
Боғ тақдирига алоқадор ҳужжатлар масаласига аниқлик киритиш учун шаҳар ҳокимиятининг Маданият бошқармаси ходимига қўнғироқ қилдик. Мутахассислардан маълумот олишга ваъда берилдию, лекин мақола битгунча ҳам ҳеч қандай ахборот олишнинг имкони бўлмади.
Оқ отли шаҳзода...
Аксарият эртакларда оқ отли шаҳзода пайдо бўлиб маликани асирликдан қутқаради ва унга уйланади. “Янги Сергели” боғини ҳам ана шундай тақдир кутган экан.
Хабарингиз борки, Ўзбекистон Миллий гвардияси республикада от спорти ривожига масъул ҳисобланади. Бундан ташқари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болаларнинг илм олиши, касб эгаллаши ва жамият учун муносиб инсонлар бўлиб вояга етиши учун зарур чораларни кўриш ҳам мазкур ташкилот зиммасида.
“Республиканинг барча вилоятларида чавандозлар мактаби, туманларда эса секциялар ташкил этилмоқда, дейди Миллий гвардия Ахборот хизмати ходими. Мақсад – фарзандларимизни от спортига қизиқтириш. Бундай мактаблар 2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилган”.
Кўзланган хайрли мақсадларни амалга ошириш учун албатта жой керак. Айни пайтда қаровсиз ётган ташландиқ биноларнинг таъмирланиб, бўлажак чавандозлар ихтиёрига берилаётгани эса айни муддао. Сергелидаги боғ ҳам бундан буён ана шу мақсадга хизмат қиладиган кўринади. Маълумотларга қараганда, бу ерда от спорти бўйича ўқув маркази ташкил этилади. Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар жалб этилади.
Бир қараганда, муаммо ўз ечимини топгандай. Ниҳоят, боғнинг эгаси пайдо бўлади, етим болаларга қувонч улашилади. Спорт ривожланади... Лекин ён атрофда яшаётган ўн минглаб аҳоли эмин-эркин кириб чиқадиган, уларнинг болалари арғимчоқ учадиган, жазирама иссиқ кунларида сув бўйида ёки дарахт соясида ўтириб музқаймоқ ейдиган истироҳат боғи ҳам керак. Маҳаллий маъмурият ушбу муаммони ҳам ҳал қилса нур устига аъло нур бўлар эди.
Янгиликлар лентаси
0