Сенат диний эркинликларни кенгайтирувчи қонунни маъқуллади
18:16 26.06.2021 (янгиланди: 18:17 26.06.2021)
© Sputnik / Sergey Kuznetsov
/ Oбуна бўлиш
Фуқароларинг виждон эркинлигини таъминловчи ҳамда диний ташкилотлар учун қўшимча енгилликлар ва кафолатлар берувчи янги қонун тайёрланмоқда.
ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун маъқулланди, деб хабар қилмоқда Ҳуқуқий ахборот канали.
Янги қонуннинг асосий мақсади - виждон эркинлигини таъминлаш, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари доирасини аниқ белгилаш ва улар учун қўшимча кафолатларини мустаҳкамлаш, - дейилган хабарда.
Хусусан, янги қонунга кўра қуйидагилар бекор бўлмоқда:
фуқароларнинг жамоат жойларида “ибодат либослари”да юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов;
диний таълим муссасаларида диний таълим берувчиларга марказий органнинг алоҳида розилигини олиш талаби;
диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби;
диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда.
Шунингдек, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш енгиллаштирилмоқда:
диний ташкилот тузиш ташаббускорлари сони 100дан 50 нафарга қисқартирилмоқда;
диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилгандан кейин 6 ой мобайнида (амалда 3 ой) адлия органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда;
тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқармоқда;
рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда;
диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;
рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.
Ундан ташқари, диний ташқилот фаолиятини фақатгина суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкинлиги ва бошқа қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.
Ушбу қонун Ўзбекистон президенти томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.