Жаҳон банки қишлоқ ҳудудларни ривожлантиришга ёрдам беради
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев принял делегацию Всемирного банка
Oбуна бўлиш
Жаҳон банки Ўзбекистонда қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳудудларда саноатни ривожлантиришга ёрдам беради.
ТОШКЕНТ, 19 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон 18 май куни Жаҳон банки президентининг ўринбосари Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Янги беш йиллик Шериклик дастурини пухта тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.
"Ўзбекистон тарихан қисқа даврда жуда катта ишларни амалга оширди. Ислоҳотлар мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи қиёфасини фундаментал равишда ўзгартириб юборди. Шу туфайли мамлакатингиз хорижий инвесторлар учун жозибадор", деди етакчи халқаро молиявий институт раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки томонидан таклиф этилган янги кун тартиби тўлиқ қўллаб-қувватланди.Кун тартибидан қуйидаги шериклик йўналишлари ўрин олган:
энг аввало қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш орқали мамлакатда камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш;
сезиларли натижаларга эришиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан ошириш мақсадида олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар самарадорлигини ошириш;
республика ҳудудларини жадал индустриаллаштириш дастурини амалга ошириш ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳасини давом эттириш;
тараққиётнинг инновацион моделига ўтиш, "яшил иқтисодиёт"ни жорий қилиш;
ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш;
коррупцияга қарши курашиш ва давлатнинг ривожланиш институтлари салоҳиятини ошириш;
йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини биргаликда илгари суриш.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг юксак суръатларини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик шерикликка доир устувор дастур ва лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида доимий мулоқотлар ва самарали алмашинувларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон ва Жаҳон банки орасида лойиҳаларнинг умумий портфели 7 миллиард долларга етмоқда. Амалдаги дастур таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби устувор соҳалар ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олган умумий қиймати 4,1 миллиард долларлик 23 та лойиҳани ўз ичига олган.
Ундан ташқари, Банк экспертлари маслаҳат-техник кўмак кўрсатмоқда, давлат корхоналарини трансформация қилиш, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизация қилиш, электр энергетикасининг барча бўғинларини ислоҳ қилишда иштирок этмоқда. Муқобил энергия манбаларини жорий қилиш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилди.