Кўп хонадонли уйларни бошқариш ширкатларининг 30% яхши ишлайди холос – президент

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.04.2021
Oбуна бўлиш
Кўп хонадонли уйлар муаммолари ўрганиб чиқилиб, уларни ҳал қилиш учун таъмирлаш жамғармалари, ҳар бир уйнинг алоҳида хисоб рақами ҳамда уй қурувчи ташкилот жавобгарлиги белгиланади.
ТОШКЕНТ, 27 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига оид тақдимот билан танишди.
Унда айтилишига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда кўп хонадонли уйларни бошқариш ширкатлари жами сони 4 минг 430 та бўлиб, шундан атиги 1 минг 350 таси ёки 30 % яхши ишлайди, холос, қолгани ўрта ва оғир шароитда.
Асосий муаммолар қуйидагилар:
тарифларнинг норентабеллиги;
ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги;
муҳандислик-коммуникация тармоқларининг эскиргани;
кўп ширкатлар, кадрлар етишмаслиги туфайли, ўз вазифасини бажармайди.
Оқибатда хонадон эгаларининг ширкат ва бошқарув компанияларига ишончи йўқолган. Бадалларнинг тўлиқ йиғилмаслиги туфайли дебиторлик қарздорлиги ошиб кетган.
Ушбу ва бошқа муаммолар чет эллик мутахассислар ёрдамида ўрганилиб қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилган.
1.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш, уни 35 % республика бюджети, 35 % - маҳаллий бюджет ва қолган 30 % - мулкдорлар тўловидан жамғариладиган маблағлар ҳисобидан шакллантириш режалаштирилган.
2.
Ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бошқарув ташкилотлари ва ширкатларнинг электрон реестрини юритиш, ҳар бир кўп қаватли уйга алоҳида шахсий ҳисоб рақам очиш, уйнинг хизмат кўрсатиш ҳудудини аниқ белгилаш, мулкдорларга ҳисобот бериш тартибини такомиллаштириш, ҳисоб-китобларга биллинг тизимини жорий қилиш мўлжалланган.
3.
Янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганидан кейин икки йил мобайнида қурувчи ташкилот бошқарувида бўлишини белгилаш, турар жойларни сақлаш ва ундан техник фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳам талаб этилмоқда. Бошқарув компаниялари ва ширкатлар ходимларини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 37 минг 402 та кўп қаватли уй, уларда 1 миллион 300 мингдан ортиқ хонадон бор. Бу уйларнинг 68 %га ширкатлар, 24 %га бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади, 8 % уйлар эса мулкдорлар томонидан умуман бошқарилмайди.
Янгиликлар лентаси
0