ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. "Иссиқлик электр станциялари" АЖ Бошқаруви раиси Руслан Мубаракшин раҳбарлигида кириб келаётган янги 2021 йил байрами кунларида истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш ишларини самарали ташкил этишга бағишданган видео-селектор йиғилиши бўлиб ўтди.
"Иссиқлик электр станциялари" АЖ матбуот хизмати хабари асосида.
Йиғилишда, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида сифатли электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида жорий йил 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ва 17 август куни Бош вазир раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида мавсумни барқарор ва уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича белгиланган устувор вазифаларни сўзсиз бажариш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганлиги айтиб ўтилди.
Шунга қарамасдан, ишлаб чиқариш жараёни барқарорлигини таъминлаш мақсадида махсус штаб ташкил этилиб, Акциядорлик жамияти ва корхоналар кесимида махсус буйруқлар ишлаб чиқилди, 24 соатлик навбатчилик жорий этилиб, мутасаддилар олдида турган биринчи даражали чора-тадбирлар белгилаб олинди.
"Жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида 8 та энергоблок, 15 та қозон агрегатлари, 5 та БГҚ ва бошқа бир қатор асосий ва ёрдамчи энергия ускуналарини таъмирланди, - дейди "Иссиқлик электр станциялари" АЖ Бошқаруви раиси Р.Г.Мубаракшин. - Ушбу ишларни бажарилиши натижасида иссиқлик электр станциялари ва марказларининг амалдаги қуввати 368 МВт га ошди. Галдаги вазифамиз ушбу қурилмаларнинг тўлиқ қувватларда ишлашини таъминлаш, юртдошларимизга байрам кунларида сифатли электр ва иссиқлик қувватларини етказишдан иборат".