ТОШКЕНТ, 30 дек - Sputnik. Байрам кунлари Ўзбекистонда барча тиббиёт муассасаларида шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти тегишли навбатчилик жадвали асосида йўлга қўйилади. Байрам кунлари тиббиёт муассасалари узлуксиз, туну кун ишлайди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот-хизмати.
Жумладан, ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи 2369 та амбулатория-поликлиника муассасалари ҳамда туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникаларида тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади.
Шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам шифохоналари ва “тез ёрдам” хизмати одатдаги тартибда бир маромда узлуксиз ишлайди. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудларда 13 та филиали, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимидаги барча бўлимлари фаолият кўрсатади.
Мамлакат бўйича ҳудудларда 14 та Call-марказ туну кун иш режимида бўлиб, "тез ёрдам" тизимида мавжуд 2748 та бригада таркибидаги жами 12 837 нафар шифокор ва ва 27 653 нафар ўрта тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатади.
Бундан ташқари, байрам кунлари 219 та туғруқ муассасалари ҳам узлуксиз фаолият кўрсатади. Жумладан, 31 декабрдан 1 январгача бир сутка давомида 583 нафар акушер-гинеколог, 344 нафар неонатолог, 1172 нафар доя ҳамда 2042 нафар ҳамшира оналар ва болалар саломатлиги йўлида хизмат кўрсатишади. Байрамнинг кейинги кунлари ҳам яна шунчадан тиббиёт ходимлари навбатчиликка киришадилар.