ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Қирғизистоннинг Чуй вилоятида 24 ўринли ва Бишкекдаги Миллий госпитал ҳудудида эса 176 ўринли енгил конструкцияли шифохоналар очилди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон томонидан тўлиқ молиялаштирилган ва бир ойга етмасдан қуриб битказилган.
Тиббиёт муассасаларининг очилиш маросимида Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев ва Ўзбекистон бош вазири маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов иштирок этди.
“Ўзбекистон пандемия даврида Қирғизистонга ёрдам берган илк давлатлардан бўлади. Қўшни давлатдан кислород концентраторлари, респираторлар ва бошқа тиббиёт воситалари, 400 ўринли модуль конструкциялар юборилди”, - деди Қирғизистон ССВ раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон кўмаги билан Қирғизистоннинг Қадамжай туманида 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилган ва очилгани хабар қилинган эди.