ТОШКЕНТ, 26 дек - Sputnik. Ўзбекистонда 2020 йил давомида коронавирусга қарши курашда фидойилик кўрсатган 357 нафар кишини давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Лазиз Тўйчиев, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев ҳамда соҳа мутасадди раҳбарлар иштирок этди.
"Ҳар қандай мукофот – бу аввало, эл-юрт, Ватан эътирофи, халқ ишончидир. Мен бугун мукофотланганларнинг ҳар бирини яна бир бор муборакбод этиб, уларга Президентимиз, халқ ишонч билдирганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Сўнгги тўрт йил ичида соғлиқни сақлаш тизимига эътибор ва ғамхўрлик юқори даражага етди. Биз ушбу мукофотларни, аввало, Президентимизнинг илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга кўтариш йўлида ўзини аямасдан меҳнат қилаётган, шифокор деган юксак номга ҳар томонлама муносиб бўлган фидоий инсонларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатига доимий эътибор ва ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодаси сифатида қабул қиламиз", - деб қайд этди ССВ раҳбари Абдуҳаким Хаджибаев.
Тақдирланганлар орасида 269 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият юритаётган тиббиёт соҳаси мутахассисларидир. Жумладан, мукофотланганлар орасида 200 нафари шифокор, 69 нафари эса ўрта ва кичик тиббиёт ходимларидир.
26 декабр ҳолатига кўра, жаҳонда янги турдаги коронавирус COVID-19 билан инфекцияланганлар сони 80 миллионга яқинлашган. Вирусга чалинганлар энг кўп АҚШда қайд этилган (18,6 млн киши). Ҳиндистонда - 10,1 млн. Бразилияда 7,4 млн.
Ўзбекистонда касалланганлар сони 76,6 мингдан ошиқ.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1961 нафар бемордан 162 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда.