ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Россияда коронавирус пандемияси туфайли мигрантларнинг вақтинчалик бўлиш муддати 2021 йилнинг 15 июнига қадар узайтирилди. Тегишли фармонга Россия президенти Владимир Путин имзо чекди. Ҳужжат ҳуқуқий ахборотлар интернет порталида 17 декабрь куни чоп қилинган.
Ҳужжатга биноан, чет эллик фуқаролар Россияда вақтинчалик бўлиш ҳужжатлари (жумладан, виза), яшаш жойидан рўйхатдан ўтиш муддати, вақтинчалик ва доимий яшаш муддатини узайтиришлари шарт эмас.
Эслатиб ўтамиз, чет эллик фуқароларнинг ҳужжатлари муддатини узайтириш қарори коронавирус пандемияси ва 18 апрел куни мамлакатлар ўртасида чегаралар ёпилиши муносабати билан эълон қилинган эди.
Ўша вақтдан буён ҳужжат икки маротаба узайтирилди. Аввалига 15 сентябр, сўнгра 15 декабрга қадар.
Таъкидлаш жоизки, қабул қилинган ҳужжатга кўра, мигрантлар Россияда уларга мамлакатда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари муддати ўтиб кетган тақдирда ҳам қолишлари мумкин.
Регистрациялар, патентлар, яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (вид на жительство) ва бошқа ҳужжатлар муддати ўтган ҳисобланмайди, уларни бекор қилишмайди, шунингдек, бу асосда чет элликлар РФдан депортация ҳам қилинмайди.