ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда тарқалган Яшнобод туманида жойлашган 103-сонли ёрдамчи интернат-мактаби тарбияланувчиси калтакланганлиги ҳақида видеоёзув юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, 2020 йил 11 декабрь куни фуқаро К.З. (аёл) Яшнобод тумани ИИО ФМБга га ариза билан мурожаат қилган. Унда ақли заиф вояга етмаган қизи мактаб-интернатидан тан жароҳатлари билан келганини маълум қилиб, айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, вояга етмаган қиз танасида “Ўнг елка соҳаси ва ўнг кўкрак соҳаси, ўнг кўкрак соҳаси остки қисмлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ҳамда кўкариши” каби тан жароҳатлари борлиги аниқланган. Зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва тегишли даво чоралари тавсия қилинган.
Шу билан бирга вояга етмаган қизнинг танасидаги жароҳатларининг келиб чиқиш механизми ва оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ тергов бўлими Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.