ТОШКЕНТ, 12 дек - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди, деб хабар бермоқда президент матбуот-хизмати.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Туркманистон етакчиси ва қардош туркман халқини ушбу мамлакат Бетарафлигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, фаровонлик, тараққиёт ва равнақ тилади.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликка оид ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Президентлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани ва бугун улар жадал суръатда ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва транзит, ҳудудлараро ришталар ва гуманитар дастурлар каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Амалий ҳамкорликнинг янги шаклларини йўлга қўйишга ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш борасида тадқиқотлар ўтказиш мақсадида қўшма тузилма ташкил этишга келишиб олинди.
Олий даражада эришилган келишувларни сўзсиз рўёбга чиқаришда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг самарали иши ва фаол идоралараро мулоқот муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Давлат раҳбарлари жаҳондаги вазият юзасидан фикр алмашдилар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги анъанавий яқин мулоқотларни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олдилар.
Президентлар минтақавий ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталдилар, шунингдек, бўлажак МДҲ саммитига тайёргарликни муҳокама қилдилар.