ТОШКЕНТ, 11 дек - Sputnik. Ўзбекистон ва Куба Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомига эга бўлди, деб эълон қилди Беларус президенти Александр Лукашенко Олий Евроосиё иқтисодий иттифоқи кенгаши йиғилишида.
"Мен Куба ва Ўзбекистонга Евросиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи мақомини бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилишни таклиф қиламан. Агар сиз рози бўлсангиз, биз ҳозирда бундай қарорни қабул қиламиз. Кўраяпманки, эътирозлар йўқ", - деди Лукашенко ўз чиқишида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун бўлиб ўтаётган Олий Евроосиё иқтисодий иттифоқи кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида "биргаликдаги ишимиз кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради", дея ишонч билдирган ва "Ўзбекистон барча хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тарафдоридир. Биз Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан яқин ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият берамиз", дея қайд этган эди.
Мирзиёев чиқишидан сўнг Беларус президенти Ўзбекистон раҳбарига табассум аралаш "унча кўп кузатмаслигингизга ишончимиз комил", деди ва тез орада Ўзбекистон ҳам ушбу иттифоқнинг тўлақонли аъзосига айланишига умид билдирди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи - 2015 йил 1 январдан бери фаолият юритиб келаётган халқаро интеграцион иқтисодий бирлашма. Россия, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон ва Қирғизистон ЕОИИга аъзо. 2020 йилда Беларус Евроосиё иқтисодий иттифоқи органларига раислик қилмоқда. Молдова 2018 йил май ойидан бошлаб ЕОИИ қошида кузатувчи ҳисобланади.