ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Ассоциациянинг асосий мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш, инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда волонтёрларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Бугунги кунда 80 дан ортиқ мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд бўлиб, кўнгиллилар сектори жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланган эди. Қонунга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади.
Кам таъминланганларни, ишсизларни, кўп болалиларни ва бошқа шу каби шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ёрдам кўрсатиш волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш йўналишларидан биридир.