Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Даставвал Чемпионлар кубоги ўсмирлар турнирининг финали ўтказилди, унда Тошкент шаҳар маҳаллаларининг ёш футболчилар жамоалари қатнашди. Турнир совриндорлари ва энг яхши ўйинчиларини Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинчилари мукофотлади.
Сўнгра ёшликни эслаш ва ёш авлодга намуна кўрсатиш учун майдонга ўзбек футболи фахрийлари чиқди.
Дўстона баҳсда Тошкент ва футбол юлдузлари жамоалари ўзаро куча синашди. Пойтахт шарафини Миржалол Қосимов, Сервер Жепаров, мураббий Равшан Ҳайдаров ва ФИФАнинг энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов ҳимоя қилди.
Рақиб жамоаси Хиросимадаги 12-Осиё ўйинларининг чемпионлари Фарҳод Магомедов, Азамат Абдураимов, Сергей Лебедев, Февзи Давлетов, Рустам Дурманов, Илҳом Шарипов, Шуҳрат Мақсудов ва футзал бўйича терма жамоа бош мураббийи Баҳодир Аҳмедовдан ташкил топди.
Ўйин натижаси 5:5 ҳисобида дуранг бўлди. Равшан Эрматов дубль, Сервер Жепаров эса хет-трикни ҳисобига ёзиб қўйди.
Тадбир якунида Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган ёш спортчиларга совғалар, жумладан, спорт анжомларини топширдилар.
Шунингдек, Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов ва Мурод Алиевни ҳокимият номидан 50 ёш, футбол шаҳрловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев эса 60 ёш юбилейи билан қутлашди.
Хайрия тадбирининг ёрқин лаҳзалари Sputnik видеосида.