ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия карантин идоралари Ўзбекистон жўнатилган қуритилган ўрик маҳсулотида зараркунанда ҳашарот аниқлангани ҳақида хабардан сўнг музокаралар ўтказди. Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Аввалроқ Россельхознадзор Ўзбекистондан Россияга экспортга жўнатилган қуритилган ўрик маҳсулотида “Капр қўнғизи” аниқлангани ҳақида хабар қилганди.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан икки мамлакат мутасаддилари ўтказган тезкор равишда онлайн музокаралар олиб борилган. Россия томонидан юборилган фотосуратлар Марказий карантин лабораторияси ходимлари иштирокида текширилиб, кўрсатилган мазкур карантин объекти айнан “Капр қўнғизи” эмас, балки Ўрта Осиё ва Россияда тарқалган “Trogoderma” оиласига мансуб бошқа қўнғиз эканлиги тахмин қилинмоқда.
“Онлайн музокаралар давомида Россия Федерацияси томонидан қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилиб, фақатгина маҳсулот юкланган экспортёр корхонага нисбатан фитосанитар чоралар кўрилиши ҳақида аҳдлашувга эришилди”, - дейилган хабарда.
Тезкор олинган маълумотга кўра, ушбу тадбиркор Россиядан қуритилган ўрик маҳсулотининг эски ҳосилини юклаш бўйича буюртма олган. Экспорт сиғимини тўлдириш мақсадида ҳудуддаги деҳқон бозорларидан эски ҳосилларнинг қолдиқларини турли жойлардан тўплаб, маҳсулот йиққан.
“Ўздавкарантин” инспекцияси мамлакатдан хорижга юкланадиган барча турдаги қуритилган маҳсулотлар тўлиқ фумигация қилиниши, маҳсулот фитосанитар тозалигини қатъий назоратдан ўтказиб, фитосанитар сертификати расмийлаштирилиб берилгандагина экспортга чиқарилишини маълум қилган.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида омборхоналар ва биноларда, шу жумладан қуритилган маҳсулотлар сақланадиган корхона сиғимларида қайта текширув тадбирлари амалга оширилиб, зарарсизлантириш фитосанитар чоралари олиб борилмоқда.