Президент Хайрулла Саъдиевни фахрий унвон билан тақдирлади

Oбуна бўлиш
Севимли актёр Хайрулла Саъдиев Шавкат Мирзиёев фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.

ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Тадбирда халқимизнинг севимли актёри Хайрулла Саъдиев Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди”, - дейилган хабарда.

Устоз санъаткор Хайрулла Саъдиев 1940 йил 6 декабрь Тошкентда таваллуд топган. Саъдиев республика Ёш томошабинлар театрида ижодий фаолиятини бошлаган. Театр саҳнасида “Ревизор”, “Этик кийган мушук”, “Шум бола” каби ўнлаб спектаклларда ёдда қоларли ролларни ижро этди. 

Ижодкор кино оламида ҳам самарали меҳнат қилиб келади. “Тўйлар муборак”, “Чинор”, “Алпомиш”, “Чашма”, “Ўтов”, “Шайтанат” каби кўплаб бадиий фильмларда яратган образлари минглаб мухлислар олқишига сазовор бўлган.

У 1980 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1990 йил Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган. 2005 йил эса “Меҳнат шуҳрати” орденига лойиқ топилган.

Янгиликлар лентаси
0