ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Янги сайланган Молдова президенти Майя Санду тарафдорлари Кишинёв марказида ҳукуматга қарши намойишга чиқди. Уларнинг мақсади Вазирлар маҳкамасини истеъфога чиқариш ва муддатидан аввал парламент сайловларини ўтказишга эришишдир. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
Аввалроқ Санду Молдова аҳолисига Вазирлар маҳкамасининг истеъфога чиқиши талаб қилиб, норозилик намойишига чиқишга чорлаган эди. Унинг фикрича, ҳукумат санитария ва иқтисодий инқирозни жиловлашнинг уддасидан чиқа олмаяпти.
Санду тарафдорлари маҳаллий вақт билан соат 10 дан ҳукумат биноси қаршисидаги майдонда тўплана бошлади. Уларнинг аксарияти ўзи билан Молдова байроғи кўтариб олган. Кишинёв марказида ҳаракат чекланган.
Намойишчилар бош вазир Ион Кику ихтёрий равишда истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда. Бу билан муддатидан аввал парламент сайловларини ўтказиш мумкин бўлади.
Молдова парламентар республика бўлгани боис президент бош вазирни истеъфога чақириб, парламентни тарқатиб юбора олмайди.
Молдова парламенти шу ҳафта президент ваколатини қисқартирди. Республика раҳбари назорати остидан Ахборот ва хавфсизлик хизмати чиқарилди. Санду бу қарорларни амалдаги президент Игорь Додон ва уни қўллаб-қувватловчи социалистлар партияси томонидан “ҳукуматни ноқонуний равишда тортиб олишга уриниш” дея атади. Қарор устидан Конституциявий судга шикоят келтирилган. Бундан ташқари, мухолифат партиялари биринчи ўқишда қабул қилинган давлат бюджети лойиҳаси, Россия телеканаллари эфирга узатилишига қўйилган тақиқ олиб ташланиши, рус тилига алоҳида мақом берилганини қоралашди.