ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, чиқиндиларни йўқ қилиш соҳасидаги айрим қонунбузарликлар учун жарима миқдори оширилди. Бу президент имзолаган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган.
Ҳужжат билан Жиноят кодексининг 198-моддасига (экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) тузатиш киритилди. Унга кўра, 4 декабрдан бошлаб оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлган экологик ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравардан 100 бараваригача жарима ёки 240 соатгача соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади (аввалроқ БҲМнинг 50 бараваригача жарима бўлган, қолган қисмлар ўзгармаган).
Бундан ташқари, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик учун БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (аввалроқ БҲМнинг 50 дан 70 бараваригача жарима билан жазоланган, қолган қисмлар ўзгармаган).
Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга қасддан шикаст етказиш, уларни пайҳон қилиш, нобуд қилганлик учун БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача жарима 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (аввалроқ БҲМнинг 75 дан 100 бараваригача жарима билан жазоланган, қолган қисмлар ўзгармаган).
Ушбу санкциялар БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган зарар етказилганда қўлланилади.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, 162-моддада кўрсатилган жавобгарлик 79-моддага киритилди. Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш ҳуқуқбузарлигини қайта содир этганлик учун жарима миқдори оширилди — жисмоний шахслар учун БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, юридик шахслар учун эса БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача этиб белгиланди, шунингдек улардан ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган қурол мусодара қилинади.