ТОШКЕНТ, 5 дек - Sputnik. Британиялик лорд Муҳаммад Илтаф Шейхнинг рафиқаси, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Гули Мурадова сиёсий карьерага қадам қўйиш ниятидалигини маълум қилди.
У бу ҳақда яқинда тожикистонлик Даун синдромига чалинган болалар учун Эзгу ирода элчиси мақомини олганидан сўнг, Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
"Катта сиёсатга қадам қўйиш режам бор. Буни инкор этмайман, аммо ҳаммасини вақт кўрсатади. Лорд жаноблари менга ҳамиша сиёсатда аёллар кўп бўлиши керак, деб такрорлайдилар. У киши аёллар ҳукуматда, раҳбар лавозимларида кўпроқ кўришни, гендер тенглик бўлишини истайдилар", - деди Гули Мурадова, "сиёсатчи бўлиш ниятингизга лорд қандай муносабатда", деган саволга жавобан.
Мурадованинг таъкидлашича, у ҳозирда Оксфорд университетида етакчилик бўйича таҳсил олмоқда ҳамда ўзбекистонлик аёллар учун лидерлик ва гендер тенглик масалаларида бепул онлайн-дарслар ўтиб келмоқда.