ТОШКЕНТ, 4 дек - Sputnik. Фуқароларни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Россиясининг юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлари билан ҳамкорлик битими имзоланди, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини миграция ва меҳнат тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ масалаларда ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида жорий йилнинг 8 сентябридан 15 октябрь кунига қадар очиқ танлов ўтказилди.
Танлов ҳужжатларига кўра, Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини қуйидаги ҳолларда ҳуқуқий ҳимоя қилиш кўзда тутилган:
- меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби бўйича - иш берувчи томонидан ҳужжат билан тасдиқланган қарздорликларни ундиришга оид даъволарни судгача бўлган тартибда ёки суд тартибида ҳал қилиш;
- меҳнат мажбуриятларини бажариш вақтида меҳнат мигрантининг соғлиғига етказилган зарар учун иш берувчи томонидан моддий ва маънавий зарарларни қоплашга оид даъволарни судгача бўлган тартибда ёки суд тартибида ҳал қилиш масалалари;
- ишчининг меҳнат вазифаларини бажариш жараёнида вафот этганлиги натижасида етказилган зарарни қоплаш ёки меҳнат вазифаларини бажаришда соғлиғига етказилган зарар учун моддий тўловларни ундириш юзасидан суғурта полиси ёки Россия Федерацияси Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан суғурта тўловларига оид даъволарни судгача бўлган тартибда ёки суд тартибида ҳал қилиш масалалари;
Россия Федерациясидан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида ноқонуний қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиш юзасидан аппеляция ва кассация тартибида шикоят киритиш борасидаги юридик ҳаракатлар.
Бугунги кунда юқорида кўрсатилган ҳолларда фуқароларни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Россия Федерациясида юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан Агентлик ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Мазкур битимга кўра, юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.