ТОШКЕНТ, 2 дек - Sputnik. Раҳбарларга ишга камида бир маротаба автомобилсиз келиб кетиш тавсия этилди. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 19 ноябрда қабул қилинган “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида айтиб ўтилган.
2020 йил 1 декабрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимлар ва ўринбосарларига “Шахсий намуна” тамойили асосида ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмаган ҳолда ишга келиши ва кетиш тавсия этилди, - дейилган қарорда.
2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” сифатида эълон қилинди.
Шунингдек, 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар, шаҳарлардаги пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади. Мазкур йўлакларда автомобил қўйишни тақиқловчи белгилар ва йўлакларнинг бошланиш қисмига махсус тўсиқлар ўрнатилади.
Ундан ташқари, республикадаги мактаблар камида битта спорт турига ихтисослаштирилади ва уларда ҳар ойда камида битта спорт тури бўйича спорт мусобақалари ўтказилади.