ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Қозоғистон биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳамда мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон раҳбари Назарбоев ва Тоқаевни Қозоғистоннинг кўп миллатли халқини давлат байрами – Биринчи президент куни билан самимий қутлаб, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорликка оид қўшма лойиҳа ва дастурларни, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Элбошининг замонавий Қозоғистонни барпо этиш ва изчил ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги тарихий роли, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Мирзиёев ва Тоқаев халқаро кун тартибини, жумладан, шу ойда Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Ҳамдўстлик ва бошқа минтақавий ҳамда глобал тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Суҳбат сўнгида қардош мамлакатлар ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга икки томоннинг ҳам интилиши қатъий экани тасдиқланди.