ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. “Қувасойцемент” ва “Оҳангаронцемент” компаниялари газ босимининг пасайиши сабаб цемент ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бу ҳақда Мополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, газ босимининг пасайишига ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва аҳолининг газга бўлган эҳтиёжининг ошиши сабаб бўлган. Бунинг оқибатида эса “Қувасойцемент” АЖ ва “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан цемент ишлаб чиқарилиши тўхтатилган. Шу боисдан иккала ишлаб чиқарувчининг цемент маҳсулоти ўтган ҳафтада фонд биржа рўйхатига олинмаган.
Хабарда ёзилишича, бўлиб ўтган савдоларнинг ўртача кунлик ҳажми 30 минг тоннани ташкил этган бўлса, бу аввалги савдолар нисбатан 46 минг тоннани белгилаган бўлиб, бу фоиз кўрсаткичида 34 % камайганлигини кўрсатмоқда.
Сотилган цемент ҳажми 141 минг 919 тоннани ташкил этган бўлиб, бу аввалги ким ошди савдосида сотилган цемент ҳажмидан 68 минг 456 минг тоннага камдир.
Савдо ҳажмининг ҳам пасайиши, унинг нархининг ошишига олиб келган. Ҳафта бошида 1 кг цемент 512 сўм бўлган бўлса, ҳафта охирида у 539,1 сўмгача (ёки 5% га) кўтарилган.
“Мазкур ҳолат савдо иштирокчиларнинг камайишига ҳам ўз таъсирини аямади: яъни улар 1054 дан 817 нафарга камайган бўлса, харидорлар ҳам 556 нафардан 373 нафаргача камайганини кузатиш мумкин”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков экспортчи корхоналарга газ ва электр энергияси узлуксиз етказилиши бўйича топшириқ бергани хабар қилинган эди.