ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Монополияга қарши курашиш қўмитаси айрим ҳудудлардаги ИИБларга пахта чигитининг бошқа вилоятларга олиб чиқилишини тақиқлаш бўйича топшириқ берилганини ўрганиб чиқди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ушбу чигит маҳсулотини сотиб олишлари мумкинлиги қонунчилик билан белгиланган бўлсада, ҳокимликлар чигитни фақатгина ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетмасдан ишлатиши бўйича кўрсатма берилмоқда.
Қўмита Ўзбекистон “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ҳамда ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги, 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги кўрсатилганини эслатган.
Таъкидланишича, давлат органларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш тақиқланади.
Фуқаролик кодекснинг 354-моддасига асосан фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.
МҚКҚ “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 178-моддасига асосан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилиши ҳолати бўйича тегишли жавобгарлик чоралари белгилангани қайд этган.
“Бугунги кунда Қўмита томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди”, - дейилган хабарда.
Тадбиркорлардан шунга ўхшаш муаммога дуч келган тақдирда қўмитага мурожаат қилишлари сўралган.