ТОШКЕНТ, 28 ноя - Sputnik. Республика махсус комиссияси қарорига биноан, 2020 йилнинг 1 декабридан Ўзбекистонда электрон спортни янада ривожлантириш мақсадида компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига рухсат берилади, дея хабар берган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.
Бунда компьютер ўйинлари марказлари фаолиятида қуйидаги санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъий риоя қилиниши белгилаб қўйилди:
фуқароларни алоҳида, бир-биридан ажратилган ҳолда столлар оралиғида ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда жойлаштириш;
ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши;
ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда мижозларни объектга киритмаслик чораларини кўриш;
ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш каби қатор санитария талабларига риоя қилиниши белгилаб қўйилди.