ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Хоразмда аёл кишини ечинтириб, видеога олганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар қилди вилоят ИИБ ахборот хизмати.
Хабарда айтилишича, 22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразм шевасида сўзлаётган бир гуруҳ аёллар томонидан бошқа бир аёл кишини қизлик иффати йўқлигини рўкач қилиб ечинтириб уяли телефони орқали олган видеотасвир тарқалди.
Ушбу видеолавҳадаги ҳолат қачон, қаерда содир бўлганлиги ва жараён иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилди.
Олиб борилган суруштирув жараёнида мазкур ҳолат жорий йил 7 октябрь куни Урганч шаҳрида содир бўлганлиги маълум бўлди.
Жараён иштирокчиларининг шахси тўлиқ аниқланган бўлиб, тергов манфаатлари ва жабрланувчининг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш мақсадида иштирокчиларнинг исм-шарифлари ошкор этилмайди.
Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.